Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва бутун Республикамиздан муборак Ҳаж сафарига борган Ўзбекистон ҳожиларининг Президент Шавкат Мирзиёевга Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табрикларида “Эзуглик ва маърифат тарғиботчилари” ташаббуси шунингдек 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” деб номлангани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси 2026 йил 1 июль куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров бошчилик қилди.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Гулистон” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда Гулистон шаҳридаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2026” зиёратчилари ва МФЙлар раислари таклиф қилинди.

Ишчи гуруҳнинг вазифалари тақсимлаб берилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатларини тушунтирди. Мақсад имом-хатибнинг маънавий-маърифий ҳамда масжидни бошқариш йўналишларидаги фаолиятини яқиндан ўрганиш, улар билан биргаликда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, уларга амалий кўмак ва маслаҳат беришдан иборат эканлиги таъкидланди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрининг 4 та масжиди ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилди


Ишчи гуруҳ аъзоси ҳамда имом-хатиблар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж-2026” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этдилар. Биргаликда маҳалланинг энг камида 5 тагача муаммоли хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўрадилар. Уларнинг муаммоларини ўргандилар, таклиф, фикр, мулоҳазаларини тингладилар. Шунингдек, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан профилактик суҳбатлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Аҳоли билан учрашувларда тинчлик-осойишталик, озодлик ва ҳурлик муқаддас неъмат эканлиги кенг тарғиб қилинди. Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 100 та оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб 17 та оилага, умумий ҳисобда 117 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар.





Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқаролар билан суҳбатлашилди, насиҳат қилинди ҳамда тушунчалари тўғриланди;

Эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди.Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Аразлашган жанжаллашганлар яраштирилди, уй-жой, мол-мулк, мерос талашганлар муросага келтирилди;


Ичкилик ва гиёҳвандлик домига тушиб қолганлар билан суҳбат ўтказилди. Зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида тушунтирилди, насиҳат қилинди.
Маънавий кўмакка муҳтож бўлганлар билан суҳбат олиб борилди. Уларни қийнаб келаётган саволларга жавоб берилди. Руҳий маънавий барқарор бўлиш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.




Ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.