Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бугун чин маънода халқимиз ҳаракатига айланди. Ушбу улуғвор ғоя асосида миллионлаб кўчатлар экилиб, шаҳар ва қишлоқларимиз яшилликка бурканмоқда. Юртимизни ҳар жиҳатдан обод ва файзли қилиш, дарахт экиб, боғ барпо этиш – шу азиз Ватанда яшаётган ҳар бир инсон орзуси. Бу жараёнда кўчатлар экиб, ҳудудларни яшил маконга айлантириш эса савоби улуғ амал.
Тадбирдан кўзланган мақсад масжид ҳудудини янада ободонлаштириш, унинг атрофини кўкаламзорлаштириш ва намозхонлар учун янада файзли, хушманзара муҳит яратишга қаратилган.


Сирдарё вилояатида бугунги кунга қадар имом-хатиблар томонидан экилган 2000 тупдан ортиқ ҳар бир ниҳол нафақат бугунги кун гўзаллиги, балки келажак авлодга қолдириладиган табиий бойлик, соғлом муҳит ва эзгулик тимсолидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дарахт экиш ва экин-тикин билан шуғулланишнинг фазилатини алоҳида таъкидлаганлар. Жумладан, муборак ҳадисларида: «Қайси бир мусулмон дарахт экса ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, албатта, бу унинг учун садақа бўлади», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Масжидлар ҳудудида кўчат экиш ишларини ташкил этиш ҳам катта маънавий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Зеро, масжидлар фақатгина ибодат адо этиладиган маскан бўлиб қолмай, балки жамиятда эзгулик, поклик, ободончилик ва ўзаро меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этадиган маънавият ўчоқларидир.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.


