Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида марҳамат қилиб шундай дейди: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. Ким бу дунёда кўр-гумроҳ бўлса, у охиратда янада кўр-гумроҳ ва янада йўлдан адашганроқ бўладир” (Исро сураси, 71,72-оят).
Изоҳ: Номаи аъмол – ишлар битиги яъни ёруғ дунёда қилган яхши-ёмон ишлар фаришталар қўли билан битиб юрилган иш дафтари ёки китоби. У фақат қиёмат куни ўз эгасига берилади.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда биз бандаларга берган неъматларини эслатиб ўтиб, инсониятга берган инъомларининг бир нечтасини зикр қилган:
Биринчидан, одамларнинг азиз ва мукаррамлиги, ҳақиқатан, инсон Аллоҳ таолога барча махлуқотлари орасида энг азизи ва энг мукаррамидир. Зеро, инсоннинг манфаати учун бошқа жонли ва жонсиз, ҳайвонот ва набототларни яратиб қўйган.
Иккинчидан, инсонларни қуруқликда от-уловларга, денгизда кемаларга миндириб қўйганлиги. Узоқ йўлимизни яқинлаштириш, юкимизни енгиллатиш учун от, туя, эшак, ҳачир ва шу каби ҳайвонларни яратиб, уларни қандай минишимиз ва бошқаришимизни таълимини берган. Денгизда эса биринчи бўлиб Нуҳ алайҳиссаломга кема ясашни ўргатди ва ўша вақтдан бошлаб одамзот кемалар ясаб, сувда юрадиган бўлди ва ҳали одамзотнинг қадами етмаган жойларни кашф қилдилар.
Учинчидан, ҳалол-пок нарсалардан ризқ берди. Аллоҳ таоло бандаларини имтиҳон қилиш учун ер юзида истеъмоли ҳалол ва ҳаром бўлган жонзотларни, набототлар, турли ичимлик, таомлар ва меваларни яратди.
Тўртинчидан, яратган махлуқотларининг аксриятидан афзал қилганлиги. Аллоҳ таоло фаришталарни яратган, уларда нафс йўқ, яъни ейиш-ичиш, ухлаш, насл қолдириш ва шу каби хоҳиш-истаклари йўқ. Ҳайвоноту қушлар, қурт-қумурсқаларда эса аксинча, ақл ва тафаккур йўқ, ейди, ичади, насл қолдиради, лекин тафаккур қилолмайди, сўзлай олмайди. Инсон эса мана шу икки махлуқотнинг орасида яратилган. Унда ҳар икки, руҳоний ва нафсоний тарафлар мавжуд. Фаришталар ҳеч қачон Аллоҳ таолога гуноҳ қилмайдилар, доимо ибодату-итоатда бўлади. Шунинг учун уларга ҳисоб-китоб йўқ. Онгсиз, тилсиз жонзотлар ҳам уларга ақл неъмати берилмаганлиги сабабидан ҳисоб-китоб қилинмайдилар. Инсоният эса ақл, тафаккур ва нутқ каби уни ҳайвонлардан ажратиб турадиган хусусиятлар берилганлиги боис Аллоҳ таолонинг ҳузурида охиратда ҳисоб-китоб қилинади.
Инсон яхшилаб тафаккур қилиб кўрса, ўзини Аллоҳ таолонинг наздида, махлуқотлар орасида энг афзали эканини билади, чунки Парвардигоримиз турли хил кулфатлардан бизни сақлаб юриш (ўзининг изни ила) учун ҳафазаларни (сақлаб юрувчи фаришталар) яратган, яхши ва ёмон амалларимизни битиб турувчи котиб фаришталарни ҳам яратган.
Ҳайвонот, қурт-қумурсқалар, паррандаю-даррандалар, ер юзидаги ва осмондаги барча нарсалар, ой, қуёш, юлдуз, ёмғир, булут, шамол – барчаси сизу бизни манфаатимиз учун яратилган.
Агар инсон Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилиб, тоат-ибодатда бўлса, ушбу неъматларнинг шукрини бажо келтирса, Парвардигор ҳаром қилган ишлардан тақво қилса, унинг мақоми Аллоҳ таолонинг наздида оддий фаришталардан юқорида бўлади. Аксинча, Ҳақ таолонинг буйруқларига итоатда бўлмаса, ман қилинган ишлардан тийилмаса, нафсининг қулига айланса, у ҳолда ҳайвондан пастроқ бўлади. Чунки ҳайвон тафаккур қила олмайди, сўзлай олмайди, агар сўзлаганида фикр юрита олганида яхши амалллар қилиши мумкин эди. Демак, Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб қўйган экан, буни ҳис қилиши, тафаккур юритиши, шу мақомга лойиқ бўлиши лозимдир.
Баъзи бир инсонлар борки, уларнинг сийрати ёки сурати гўзаллигидан фаришталарга ўхшатилади, баъзилар борки, уларни қилган ишларини ҳатто ҳайвондан ҳам кутмайсан киши. Парвордигоримизнинг бизларга берган бу неъматларига шукр қилишимиз, шукримиз фақатгина тилимизда қолиб кетмасдан балки, бутун тана аъзоларимиз билан тасдиқлашимиз керак.
Худойи таолонинг бошқа бисёр-бисёр неъматларига доимо узлуксиз шукронада бўлишимиз лозим.
Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни ўзига туну-кун шукр қилувчи бандаларидан қилсин.
Маҳмуджон Эшонов
Оқ олтин туманидаги
“Абу Мансур Мотуридий”
жоме масжиди имом-хатиби