Маҳмуд Замахшарий илмул-хилоф билимдони

Маълумки, ўрта асрларда ислом таълимотида анчагина кучли ғоявий ихтилофлар юз берган ва бу ҳақдаги асарлар диний-тарихий адабиётнинг махсус жанри – доксографияни ташкил этади. Араб тилидаги адабиётларда бу фан “илмул-хилоф” номини олди ва унинг асосчиси Бухоронинг етти машҳур қозисидан бири Абу Зайд Дабусий (978-1039) ҳисобланади. Бу соҳада ижод этган илк муаллифлар қаторига ҳақли равишда Маҳмуд Замахшарий (1075-1144)ни қўшиш мумкин. Аллома турли соҳаларга тааллуқли 70дан[1] ортиқ асарлар муаллифи сифатида танилган. Мероси асрлар давомида шарқ ва ғарб тадқиқотчиларини қизиқтириб келмоқда.

Ислом дини таълимотида асосий ақидавий масалалар юзасидан давом этган ғоявий баҳслар деярли якун топган, бунинг натижаси ўлароқ фиқҳ илми  илми тараққий топган даврда яшаган Маҳмуд Замахшарий, табиийки  мазкур соҳага бағишланган асарлар таълиф этди. Маҳмуд Замахшарий (1075-1144) нафақат муфассир, тилшунос, адиб ва шоир, балки етук фақиҳ сифатида танилди.  Тошкўпризода “Мифтаҳ ас-саъода” асарида аллома  фиқҳ илмини Шайхулислом Алоуддин (баъзи манбаларда Аълоу-л-аимма (Имомлар аълоси)  Садид ибн Муҳаммад ал-Хайётий ал-Хоразмийдан  ўрганганини зикр қилган. Шунингдек, бошқа   Замахшарий  ўз даврининг машҳур фақиҳи Қози  Абу-л-Ҳусайн Аҳмад ибн Али Домғоний (1090-1145)дан ҳам таълим олгани қайд этилади.

Афсуски, Маҳмуд Замахшарийнинг фиқҳ ва унинг намояндаларига бағишланган асарларидан биргина «Руус ал-масаил”нинг қўлёзмаси топилган. Асарнинг тўлиқ номи – “Руусул-масаил ал-хилафия байнал-ҳанафия ваш-шафиия” (Ҳанафий ва шофиий мазҳаблари орасида ихтилофли бўлган асосий масалалар) бўлиб, айни пайтда унинг  қўлёзмаси Ирландиянинг Дублин шаҳри Честербити кутубхонасида 3600-рақам остида сақланади. Қўлёзманинг факсимиле нусхаси Маккаи мукарраманинг “Уммул-қуро” университети кутубхонасида мавжуд[2].

Замахшарий таълиф этган “Руусул-масаил” исломдаги мазҳабларни оид масалаларни қиёсий усулда ёритгани, мухтасар ифода усули қўлланилгани, китобнинг тушуниш осон, равон тилда ёзилгани каби омиллар сабабли   шу ном остида ёзилган бошқа асарлардан кўра кўпроқ шуҳрат қозонди ва  “илмул–хилоф”, яъни қиёсий фиқҳшунослик борасида ёзилган мухтасар усулидаги асарлар орасида пешқадами бўлди[3].

Тадқиқотчилар «Руусул-масаил”ни мазҳабларни қиёсий ўрганиш бўйича муҳим манба сифатида эътироф этишган. Бунга асар мўжаз бўлса-да, фиқҳ илмининг барча соҳаларини қамраб олганини таъкидлаб, уни қуйидагича изоҳлашган: “Агар «Руусул-масаил”ни фиқҳий мазҳабларни энди ўрганаётган мубтадий, яъни  бошловчи ўқиса, мазҳаблар қарашлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлади. Агар илмда юқори даражага эришган мунтаҳий, яъни тугалловчи ўқиса, мазҳаблар ҳақида ўрганганларини қайта эслаб олади”[4].

Раҳматуллоҳ Саиджалолов

Кўкалдош ислом ўрта-махсус

билим юрти 4-курс талабаси

[1] З.Исломов, С.Саиджалолов. Маҳмуд Замахшарий ва фиқҳ илми. Т.: “Мовароуннаҳр”, 2011.-Б. 8

[2] Маҳмуд Замахшарий. Руусул-масаил ал-хилафия байнал-ҳанафия ваш-шафиия. –Байрут:            Дорул-башаирил-исламия. 2007. -620 б.   

[3] Маҳмуд Замахшарий. Руусул-масаил ал-хилафия байнал-ҳанафия ваш-шафиия. –Байрут: Дорул-башаирил-исламия, 2007. –Б.58   

[4] Ўша асар. –Б.60

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan