Миссионерлар макридан огоҳ бўлинг!

            Диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат тинч-тотув, ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан яшаб келмоқда. Аммо диний қадриятларни эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар ҳам бор.

 Миссионер сўзи лотин тилидаги “mission” сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифасини бажарувчи” деган маънони билдиради. “World Book” (Жаҳон китоби) энциклопедиясида эса “Миссионер – бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган киши”, деган фикр қайд этилган. Бу маълумотлардан келиб чиқиб хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

Насронийлик (христианлик)да турли секталар борлиги бутун дунёда катта муаммога айланган. Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг охирларида ривожланган мамлакатларда мазкур диннинг 1500 дан 5000 гача турли йўналишлари бўлган. Лекин аҳоли уларни қабул қилмаганликлари учун кўп йўналишлари йўқолиб ҳозирда айрим мамлакатларида 170 га яқин секта ва уларнинг 800 та шаҳобчаси мавжуд экан.

 Аслида Христиан динида Православлик (русча-чин эътиқод) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.

Католиклик (юнонча-бутун жаҳон) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.

Протестантлик (лотинча-норози бўлиш, келишмаслик) ўрта асрларда католикликдан ажралиб ташкил топгач, унинг ўзида турли оқимлар кўпайди.

Баъзи кишилар секталар ва уларга даъват қилаётган “Миссионер”ларнинг нима зарари бор, дейишлари мумкин. Шу жиҳатга эътибор бериш лозим.

Биринчидан, миссионерлик билан маълум бир дин кириб келади. У билан бирга ўзгача дунё қараш, урф – одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама – қаршиликларни вужудга келтиради.

Иккинчидан, “даъват”лари билан бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз диндошларига яхши муносабату, бошқа диндагиларга ёмон муносабат пайдо бўлади. Бу эса оила, қавм – қариндошчилик ҳамда жамият бирдамлигига салбий таъсир кўрсатиб, одамларнинг оиласида, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам можаролар бўлишига олиб келади.

Учинчидан, миссионерларни макрига тушиб уларнинг ъзоларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида қабиҳ ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб эгалари ўз муаммолари билан кишиларни машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа  муҳим вазифаларидан аҳолини чалғитишни мақсад қилиб қўйган.

Санаб ўтилган омилларнинг ўзиёқ бундай секталар ва уларнинг даъватчилари жамият ва давлатга катта ҳавф ва зарар келтираётганини маълум қилади.

Албатта, миссионерлик ҳаракатлари ҳомий ва ахборот кўмагисиз амалга ошмайди. Йирик миссионерлик ташкилотлари ва айрим сиёсий кучлар уларнинг бу ҳаракатлари учун ҳомийлик қилишади. Ҳомийлар қилган сарф-харажатларини бир неча баробар купайиб  кетишига ишонишади.

Миссионерлар мамлакатимизга тил, компьютер ўргатиш, турли – туман ўқув марказлари ёки ҳар хил хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлари қиёфасида кириб келишга интилади.

Афсуски, баъзи инсонлар турли сабаблар билан уларнинг макрига тушиб тузоғига илинди.

Миссионерлар ўз даъватларида ўз дини билан уларнинг дини ўртасидаги ўхшашликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди. Сўнг Исо (а.с) буюклиги, Қуръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганлигини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Бундан ташқари миссионерлар ўзларини китобларида айрим Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп қилинган китобларда ҳам кузатиш мумкин. Миссионерларни бу қилмишлари икки юзламачи эканликларини кўрсатади.

Қуръоннинг бир – неча оятини хақ деб билишса, нега исломни қабул қилишмайди ёки унга ҳужум қилишдан ўзларини тийишмайди? Ҳолбуки улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади. Ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслиги, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолатдир. Миссионерлар инсонларни одобу–ахлоқли бўлишларини эмас, аксинча уларнинг хулқини бузадиган ишлар билан шуғулланишади, ғараз ниятли турли ўйинлар, “тунги кўнгил хушлик”лар уюштиришади.

Уларнинг харакатлари тагида эртанги кунга мўлжалланган катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган? Мамлакатимизнинг асосий аҳолиси ислом динига мансуб бўлиб, деярли 1500 йилдан бери аждодларимиз мусулмон бўлиб келган. Бугунги авлод ҳам бутун ҳаёти давомида шу динга эътиқод қилади. Урф – одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш, мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш – мана улар кўзлаган асл мақсад! Секта даъватчиларнинг ортларида турганлар уларни маблағ билан таъминлаш, бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва ўзлари мустаҳкам ўрнашиб олиш учун ўз макрларига илинганлардан фойдаланади.

Бунга тарих ва тажриба гувоҳ. Миссионерлар айрим ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтирадилар. Натижада у ерларда халқ орасида нотинчликлар пайдо бўлади. Ҳомийлар уларни қўллаб-қувватлашади, оқибатда мамлакатни парчалашгача олиб боради. Бунга мисол: Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштиргандан кейин бу ўлкаларда тўполонлар пайдо бўлди, бутун ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.

Миссионерларнинг макрига тушиб қолиш осон, аммо улардан халос бўлиш ниҳоятда қийин. Бугунги ғоялар кураши даврида доимо ҳушёр бўлиш замоннинг талабидир. Шунинг учун ҳар бир ота-она, мураббий, хусусан имом хатиблар қолаверса, ватанга муҳаббати бўлган фуқаро ҳам энг аввало ўзи, сўнг фарзанди ва ёшларни миссионерларни макри ва найрангидан огоҳ қилиб, уларнинг  зарарли оқибатларидан сақлаши  лозимдир. Мураббий ёш авлодга тарбия бераётганида миссионерларнинг даъватини қабул қилган мусулмон кофирга айланиб қолишлигини алоҳида тушунтириши шартдир. Бундан ташқари ёшларни миссионерларнинг арзимаган ёрдамларига, жумладан ишлатилган либослар ва муддати ўтган дорилар ҳамда бўтқа ва супдан иборат бўлган егуликларга имонини сотмасликни тушунтириш керак. Акс ҳолда, Аллоҳ сақласин, имонини сотган киши ватанини ҳам сотади.

Замонавий миссионерларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтириш орқали уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш, замонавий секталарнинг деярли барчасини шу гуруҳга киритиш мумкин.

Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида ўзининг геосиёсий режаларига эга бўлган муайян давлатлар ва сиёсий кучлар борлиги ҳеч кимга сир эмас.

Прозелитизм (- бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборатдир) чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда кўриш мумкин. Дунёга назар соладиган бўлсак айрим мамлакатларида христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар чиқмоқда. Маййитни мусулмон ота-оналар ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан динини қабул қилганлиги учун жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган қабристонга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда. Ёки христиан динини қабул қилган киши ўғлини хатна қилишни хоҳламайди, унинг отаси эса ислом динига мувофиқ набирасини хатна қилишни хоҳлайди шу сабабли ота – бола ўртасида жанжаллар келиб чиқади. Бу каби мисолларни давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низо ва жанжалларнинг авж олишга сабаб бўлмоқда. Бу эса динлараро низоларнинг келиб чиқишга сабаб бўлади.

Миссионерлар фан ва техника ривожлангани сари даъват қилишнинг китоб ва варақалар тарқатиш услубларидан интернет, радио, телвидения, журнал ва газета каби замонавий ютуқлардан фойдаланишга ўтишмоқда. Миссионерлар аёлларнинг кўпроқ таъсирчанлиги ва ёшларнинг дунёқараши етарли даражада шаклланмаганлигидан ғаразли мақсадларида фойдаланишга уринишмоқда. Ўз навбатида ёшлар янги куч сифатида доимо керакдир.

Россиялик олимлар баъзи секталар тўғрисида келтирган маълумотларни маълум қилишни лозим кўрдик. Секта аъзолари орасида ёлғиз аёллар 45 фоизни, 40 ёшдан юқори бевалар 54 фоизни, 30–40 ёшлилар ичида эрга тегмаганлари 14 фоизни ташкил этар экан. Шу билан бирга секта таъсирига тушганлар ичида 39.2 фоизни нафақахўрлар, 5.2 фоизни ногиронлар, 12.4 фоизни уй бекалари, 24 фоизни вақтинча ишламайдигонлар, 69 фоизни умуман ишламайдиганлар ташкил қилади. Бу хол ўз навбатида аъзолар орасида ёлғиз, мулоқотга муҳтож, меҳнат тажрибаси ва билим савияси паст бўлганларнинг кўплиги ва ижтимоий ҳаётда қийналганларга кўпроқ эътибор қаратилишини кўрсатади. Чунки бундай кишиларнинг миссионерлар макрига илинишлари нисбатан осонроқ кечади. Лекин шу билан бирга аҳолининг тўкис фаровон қисмига ҳам алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаш лозим. Бу томонда секта аъзоларини уч груҳга бўлиш мумкин:

Биринчиси, секта йўл-йўриқларига амал қиладиган бу гуруҳдагилар сектага тўлиқ кирмаган, сектадаги баъзи жиҳатларига қўшилмасаларда,лекин кескин эътироз билдирмайдиганлар.

Иккинчиси, ишонувчилар, улар секта китобларни ўқийдилар, ибодатларида қатнашадилар, баъзи масалаларни билмасаларда, умумий таълимотни билиб, Янги Аҳдни ўқиганлар.   

Учинчи гуруҳ вакилларини эса ўта берилганлар, деб аташ мумкин. Улар секта таълимотига муккасидан кетган кишилар бўлиб, кескин ишларни қилишдан  ҳам қайтишмайди.

Миссионерликга кириб қолганларни қандай қилиб ундан қайтариш мумкин. Бу ерда “касални даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши” деган матални келтирган маъқул. Бошқачароқ айтганда, профилактик-тарғибот ишларини кучайтириш зарур. Аъзоларни бу хатарли йўлдан қайтаришда қуйидаги икки услуб фойдадан холи эмас:  

Аввало, яқинлари уни сектадан мажбурий равишда ажратиб олиб, у ҳатто эшитишни хоҳламаган аччиқ ҳақиқатни, яъни миясини заҳарлаганлари, ”устози” нақадар ёлғончи ва қаллоб эканини, сектанинг асл келиб чиқиши ҳамда мақсадлари каби маълумотлар адашган  кишига етказилади. Бу услуб кескинроқ бўлсада, фойдаси кўпроқдир.        

Кейингиси, насиҳат услуби бўлиб, керакли мутахассислар, руҳшунослар ёрдамида тушунтириш берилади. Тўғри, сектадан чиққан кишининг олдинги ҳаётга мослашиши руҳий жиҳатдан осон кечмайди. Шу билан бирга, атрофдагиларнинг эътибори, қайта тарбияси, панду насиҳатлари, ёрдамлари ҳам кам бўлмаслиги лозим. Чунки миссионерлар уни ўз сафларига қўшиб олишга қанчалик қаттиқ ҳаракат қилганларини эсдан чиқарилмаслик керак.     

Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлни топишга сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсаларидан  яхши эканлигини  эсдан чиқармайлик.

 

Аминжон Исмоилов

Сирдарё туман бош имоми ва

“Янги ҳаёт” жоме масжиди имом хатиби

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan