Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар:
“Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”.
Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган. Араб тилида “ғабн” деб аталмиш “алданиб қолиш, чув тушиб қолиш” маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис, ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда. Мазкур ҳадисдан келиб, чиқиб, Аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади.
Лекин, афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда «Умр гулшанининг баҳори» ва «ҳаёт шабистонининг наҳори»ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади.
Шундай экан, бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишламоқ даркор. Агар бўш вақт яхши ишлар билан тўлдирилмаса, у албатта ёмон ва келажакда зиён бўладиган ишлар билан тўлади. Киши ишдан ва бошқа зарурий нарсалардан қутулиб, бўш вақт топса, уни ҳам ғанимат билиши керак. Ҳеч бўлмаганда китоб ўқиш, бирон нарса ўрганиш, бирорта фойдали иш билан машғул бўлиш ёки қариндошларни кўриш, касал зиёрат қилиш ва ҳоказо ишлар билан бўш вақтдан ҳам унумли фойдаланиш лозим
Вақт хусусиятлари.
Вақтнинг бошқа нарсалардан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим;
1. Вақт тез ўтади.
Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади холос. Шоир айтади:
Бахту саодатга тўла ойларим
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа,
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим
Йиллардек кўринди менинг кўзимга,
Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,
Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.
2. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам.
Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кезувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Бу холни Ҳасан ал-Басрий етук сўзлари чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), янги кунингман, ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман».
Шоирлардан бири айтади:
Ортига қайтсайди бир кунга ёшлик
Унга айтардим нелар қилди кексалик.
Юртимиз тарихида тадбиркорлик алоҳида ўрин тутиб келган. Ота-боболаримизнинг ер-мулк, касб-ҳунарга эга бўлиш, омилкорлик билан иш юритиш, тадбиркор ва ҳалол ишбилармон кишиларни қадрлаш анъаналари мавжуд бўлган. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”,- деган сўзларини эслаш кифоядир.
Сиз яшаётган хар бир дақиқанинг қадрига етинг.
Кеча? Бу тарих.
Эртага?
Бу сир…
шунинг учун имкониятингизда фақат Ҳозир бор!
Яна бир нарсани унутманг: вақт сизни кутиб ўтирмайди!
Шунинг учун сиз эгалик қилаётган хар бир дақиқанинг қадрига етинг. Аллоҳ сизга инъом этган, сизга ажратилган вақт чексиз эмас.
Аллоҳ таоло кечаю кундуз Ватан манфаати, халқ фаровонлиги йўлида ўзининг меҳнати, билими ва тажрибаси билан турли соҳаларда тадбиркорлик ишларини олиб бораётган имонли, инсофли, мурувватли мулкдорларни, тижоратчиларни, зироатчиларни, ишлаб чиқарувчиларни ҳифзу ҳимоясида сақлаб, ишларига баракотлар ато этсин!
Ховос тумани “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом хатиби: Ёрбеков Абдурауф.