Шаръий ва қонуний никоҳ одоблари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган фатволарга биноан шаръий ва қонуний никоҳдан ҳамда тиббий кўрикдан утиш одобларини баён қилишга ўтамиз.                          

“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшилиш” , “жамланиш”, “яқинлашиш” маъноларни англатади. Шариатда эса, баҳраланиш эгалигини ҳосил қилувчи боғланишдир.

Шаръий никоҳ шартлари ва одоблари:

  1. Никоҳдан ўтувчиларнинг оқил бўлишлари. Ақллари жойида ва руҳий касалликдан холи бўлишлари.
  2. Ийжоб ва қабул. Никоҳ риштаси ийжоб ва қабул ила боғланади. Икки никоҳланувчи розиликларини ўтган замон феъли билан маълум қилишлари. Масалан никоҳ ўқиётган имом-хатиб қиздан “фалончига турмушга чиқишга розимисиз?” Деб сўраганда қиз “розиман” дейиши ийжоб бўлади. Имом-хатиб йигитдан “фалончини жуфти ҳалолликка қабул қилдингизми?” деб сўраганда йигитнинг “қабул қилдим” дейиши қабул бўлади. Шундан кейин келин- куёв пайдо бўлиб, янги оила ташкил топади.
  3. Гувоҳлар. Энг камида икки эркак ёки бир эркак билан икки аёл киши ҳозиру нозир бўлиб, розилик сўзларини эшитишлари.
  4. Маҳр. Куёвнинг келинга берадиган ҳаққи. Ҳар бир юрт ўз урф-одатига кўра куёв томонидан никоҳ куни келинга шахсий мулк сифатида ҳадя берадиган маблағни маҳр деб аталади.
  5. Куёвнинг оила тебратишга моддий жиҳатдан қодир бўлиши

Юқорида айтилган никоҳ шартларига яна давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисидаги қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан никоҳланувчилар балоғат ёшда бўлишлари ва шаръий никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиб, сўнг давлат никоҳ қайт қилиш ФХДЁ идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий никоҳ гувоҳномасини олган бўлишлари лозим.

Тиббий кўрикдан ўтқазиш одоблари:

Мамлакатимизда мустақиллик туфайли илк бор никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтқазиш қонунлаштирилиб Оила кодексининг 17-моддасида “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтқазиш”деб номланган. Бундан мақсад янги оила ва бўлажак фарзандларнинг соғлом бўлиши ва никоҳланувчиларни тиббий-ирсий ҳамда оилани қўриш масалаларида маслаҳатлар беришдир.

Демак никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ органларида никоҳдан утишлари ҳамда яшаш жойида соғлиқ сақлаш тиббиёт муассасаларида икки ҳафта мобайнида психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касалликлари, ОИВ (орттирилган иммунитет танқислиги вируси) юзасидан тиббий кўрикдан ўтади. Тиббий кўрикдан ўтқазиш натижалари шифокор сири ҳисобланади ва бирининг розилиги билан иккинчи тарафга билдирилиши мумкин. Агар никоҳланувчилардан бири юқоридаги айтилган касалликлардан ўзида биронтаси борлигини яширса иккинчиси никоҳни бекор қилиши мумкин. Бордию ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтирган киши қонун асосида жиноий жазога тортилади шариатда эса улкан гуноҳ қилган бўлади.

Қонуний никоҳ одоблари:

Оила никоҳдан бошланади. Никоҳ қонун асосида ўтқазилган бўлсагина ҳақиқий ҳисобланади. Оила кодексининг биринчи моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши лозимлиги кўрсатилган. Никоҳдан ўтувчилар ФХДЁ га ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабабларга кўра, бир ой синов муддати етгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Ҳамда қонунда никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода қилиши алоҳида таъкидланган. Қонунда никоҳ тузишга мажбурлаш йўқ , айниқса аёлни мажбурлаб эрга бериш йўқ. Шу ўринда никоҳ ёши муҳим эканлигини ота-оналар унутмасликлари керак. Никоҳ никоҳланувчиларнинг хоҳишига кўра тантанали ёки тантанасиз ўтқазиш мумкин. Аммо оила қуришда бу муҳим эмас, балки оила мустаҳкам ва унинг аъзолари соғлом бўлишидадир.

Динимизда ҳам оила қуриш никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари асосида қурилади. Никоҳга кириш учун аёлнинг розилиги шарт қилинган, бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в): “Бокира қизни розилигини сўралмай, жувонни эса ўзи билан  маслаҳатлашмай эрга берилмайди” — деганлар. Саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, бокира қизнинг рози бўлгани қандай билинади?” — дейишганда, Расулуллоҳ (с.а.в) “Сукут қилса рози бўлганидир” — деб жавоб берганлар. Сукутда розилик кучлироқ бўлади, чунки қиз бола хоҳишини очиқ  айтишдан уялса, рад жавобини беришдан уялмайди. Кулги розиликни билдирса, йиғи ёқтирмаслик ва хоҳламасликни билдиради. 

Ёши улуғларимиз янги турмуш қураётган келин-куёвларни кўрганда: “Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли саъодатли бўлиб, оиласида тинчлик-хотиржамлик бўлсин”, деб дуо қилишади. Бизлар ҳам ушбу дуони ёшлар ҳақига айтишни одат қилайлик.

Аминжон Исмоилов

Сирдарё тумани бош имоми ва

  “Янги ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.