Ўзбекистон уламоларни қадрлаган юрт

Мустақиллигимиз келтирган буюк неъматлардан бири — турфа маънавий қадриятларимиз, кўҳна ва бой тарихимиз, маданий меросимизга муносабатнинг тубдан ўзгариб, узоқ мозийда яшаб абадий барҳаёт асарлар яратиб кетган буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда улардан кенг халқ оммасини баҳраманд қилиш, десак ҳеч бир муболаға бўлмайди.

Бу йўналишда тарихан қисқа муддат ичида амалга оширилган кенг кўламли ишлар Республика ҳукумати, марҳум юртбошимиз Ислом Каримов бошлаб берган ва ҳозирда муҳтарам Президентимиз собитқадамлик билан олиб бораётган доно ва халқчил сиёсатнинг самарасидир. Республикамизда диний илмларга катта эътибор берилаётгани, Қуръони карим ҳамда Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларининг ўзбек тилига таржима қилиниб кенг кўламда ўрганилаётгани, уларнинг ижтимоий, маданий ва маънавий ҳаётимизга тобора сингиб бораётгани бунинг ёрқин далилидир.

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, миллий ва диний қадриятларимизни тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган алломалар ҳаётлари ва бой меросларини чуқур ўрганиш ва улардан фойдаланиш ҳар томонлама муҳим масалалардан бирига айланди.

Муқаддас динимизнинг ҳуқуқий асосини шариат ташкил қилса, шариатнинг асосини, ўз навбатида фиқҳ ташкил қилади. Зеро, Ислом динини ўзи маънавиятимиз тарихининг ажралмас қисми бўлиб, унинг замирида халқимизнинг ўзлигини англаши ётади. Чунончи юртимизнинг биринчи Президенти ўзларининг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли китобларида “Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас” деган эдилар. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби миллий-маънавий меросимизга бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Асрлар давомида халқимизнинг эътиқодини ўзида акс эттирган муқаддас динимиз асосидаги ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган маънавий бойлик изчил ўрганила бошланди. Бу ҳақида биринчи Президент И.А. Каримов шундай деган эди: “Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди”.

Ўтмишдан маълумки, ислом дини Шарқ ўлкаларида тарқалиб Ўрта Осиё халқларининг асосий динига айланганидан кейин, Мовароуннаҳр ҳудуди ислом таълимоти тарқалиши ва шариат илмлари, айниқса, фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, шунингдек, араб тили ва унга тегишли фанлар ривожининг марказига айланди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг умуман дин, хусусан Ислом динини асл манбалари асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратилди. Шу маънода ҳозирги пайтда барча илмлар қатори фатвонавислик соҳасига ҳам катта эътибор қаратилиб, бир қатор фатво борасида ёзилган асарлар устида тадқиқотлар, илмий баҳслар олиб борилмоқда ва илмий мақолалар, рисолалар чоп этилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда фирқабозлик ва гуруҳбозликка барҳам бериш мақсадида турли ишлар амалга оширилаётган бир даврда фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, “Қуръон ва суннатга эргашмай, яъни Аллоҳ ва Расулининг айтганини қилмай, Абу Ҳанифанинг ёки Имом Шофеъийни айтганини қиламизми? Мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган, шунинг учун унга амал қилиш мумкин эмас” деб, мазҳабсизликни даъво қилиб, уларни танқид қилаётганлар, натижада ҳар хил ихтилофларга сабаб бўлаётганлар ҳам учраб турибди.

Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Замонамизнинг машҳур олимларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”, деб айтган.

Мана шундай ҳолатда мазҳабга эргашиш лозимлиги, хусусан, тўртта мазҳабни асраш ва уни ҳимоя қилиш, бу борада мазҳабларни қўллаб қуватлаб ёзилган асарларни ҳозирги кунда аҳамияти каттадир.

Юртимиз мустақиллиги шарофати билан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон оламида катта шуҳрат қозонган буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий маънавий мерослари чуқур ўрганила бошлади. Турли фанлар ривожлангани сингари ҳадис илмлари ҳам кундан кунга ўсиб бормоқда. Бу илм борасида турли туман бири биридан чиройли асарлар дунё юзини кўрмоқда. Тарихда ҳадис уламолари томонидан ёзиб қолдирилган китобларнинг ўрни беқиёс. Зеро улар сабабли биз авлодлар ҳадис илмларидан воқиф бўлмоқдамиз. Шундай экан биз, уламолар ҳаётлари уларнинг ёзган асарлари ва улар яшаган даврга оид барча маълумотларни ўрганишимиз лозим бўлади.

Имом Нававий ҳадис илми борасида жуда кўп эътимодли китоблар ёзган. Унинг китоблари барчанинг мурожат қиладиган китобларига айланган. Унинг ёзган асарлари ўз давридан ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Имом Нававий яшаб ижод этган аср, мамлакатдаги сиёсий ва ижтимоий ахвол, Имом Нававийнинг илмий маънавий меросига оид маълумотларни ундан кейинги уламолар ўз асарларида бериб ўтган.

Имом Нававийнинг илмий мероси ҳақида гапиришдан олдин у зотнинг ҳаёти ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик. Алломанинг тўлиқ исми Яҳё ибн Шараф ибн Муррий ибн Ҳасан ибн Хусан ибн Муҳаммад ибн Жамъа ибн Ҳизом Абу Закариё Нававий Дамашқийдир.

Имом Нававий ҳижратнинг 631 йили Муҳаррам ойида Дамашқдаги Наво шаҳрида дунёга келдилар. Ёшликларидаёқ Қуръонни ёд олдилар. Ўн тўққизга кирганларида оталари Дамашққа олиб бордилар ва “Равоҳия” мадрасасига жойлаштирдилар. Бу ерда Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий ал-Мақсидийдан фиқҳни дарс олдилар. Исҳоқ ибн Аҳмад у зотнинг фиқҳ илмидаги биринчи устозлари бўлдилар. Имом Нававий ҳар куни ўн икки хил дарс билан машғул эдилар. Орада тиб билан ҳам машғул бўлишни қасд қилдилар, лекин Аллоҳ таоло у зотни бу илмдан буриб қўйди. Балки Дамашқдаги “Дорул-ҳадис ал-Ашрафия” мадрасасида дарс беришни насиб қилди. Имом Нававий ниҳоятда тақводор, парҳезли киши эдилар. Бирор соатларини Аллоҳ тоатидан бошқа ишга сарф қилмасдилар. Кечаларини ҳам китоб ёзиш билан ўтказардилар. Аллоҳ таоло у кишига беҳад зийрак қалб, кучли хотира ҳамда ўткир зеҳн ато этган эди.

Имом Нававий ҳаёти давомида жуда кўп китоблар ёзганлар. Шулардан энг машҳурлари қуйдагилар:

  1. Шарҳи Саҳиҳ Муслим
  2. Иршод
  3. Таҳзийбул- асмо вал- луғат
  4.  Ат-Тибён фи одоби ҳамлатил Қуръон
  5.  Минҳожи ат-Толибин
  6.  Бўстонул орифин
  7.  Арбаъин
  8.  Риёзус солиҳин
  9.  Ийзоҳ
  10. Равзату толибин ва умдатул муфтийин.
  11.  Ал-Азкор
  12. Тақриб ва Тайсир фий маърифати сунанил – Башир ан – Назир
  13. Шарҳул – Муҳаззаб
  14. Таҳзийбул асмо вал луғот.

15. Хулосатул аҳком фий муҳиммоти сунани ва қавоидил ислом.

16. Ат-тархис фил қиёми лиаҳл ал-фазл.

17. Ал-фатово

18. Жомеъ-ус-сунна.

Имом Нававийнинг юқорида санаб ўтилган асарлардан “Арбаъин” “Риёзус – солиҳин”, “ал-Азкор” ва “Бўстонул – орифин” каби асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган.

Имом Нававий ҳаётлари мобайнида уйланмадилар.У зот 676 ҳижрий сананинг 24 ражабида чоршанба куни кечаси Наво шаҳрида дорул бақога риҳлат қилдилар ва шу ерга дафн этилдилар. Бу зотнинг вафотларидан бутун Дамашқ аҳли қайғуга ботди. Имом, ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис Яҳё ибн Шараф ибн Муррий ибн Ҳасан ал-Ҳизомий ал-Ҳувроний ан-Нававий аш-Шофеъий Ислом оламининг мўътабар олимларидан саналади.

Ибн Аттор айтадики: Имом Нававий Ҳофиз Шайх Абулбақо Ҳолид ибн Юсуф Саъд Наблусийдан Ҳофиз Абдулғани Мақсудийнинг “Ал-камол фий асмо ар-рижол” китобини ўқиб ўрганган, унга хошиялар битган ва ундан керакли ерларини ёдлаб олган.

Саҳовий: “Шунингдек мен у кишини Ибни Асирни “Ал-Ансоб” номли китобига таълиқ қилганларини, Қози Абдулқодирнинг “Тобақот ал-Ҳанафия” китобларида айтганларидек ҳадис эшитиш ва бунга боғлиқ ишларда Имом Нававий катта муҳаддис Зиёфуддин ибн Тамим Ҳанафийдан дарс олган” дейдилар.

Абул Ҳасан ибн Аттор айтади: “Имом Нававий вақтини умуман фойдасиз ишларга зое қилмасди. Ҳатто йўлда кетаётганда ҳам дарс ўқиб такрорлар эди”.

У зот умр бўйи мана шундай ҳаёт кечирди. Имом Нававий ўзидан кўплаб асарлар қолдирди. Ҳатто баъзи олимларнинг айтишича Имом Нававий шунчалик кўп китоблар ёзганки агар олим ҳаётининг ҳар бир кунига ушбу китоблар тақсимланса қирқ сахифадан тўғри келаркан. Агар олим ҳаётига назар соладиган бўлсак у шариат илмларининг барчасига бағишлаб асар ёзган. Айниқса ҳадис илмига атаб ёзилган китоблари бошқа илмларга атаб ёзилган асарлардан кескин кўпдир.

Шариат олими бўладиган шахс ақида борасида уламолар ёзган маълумотларни мустаҳкам ва тўлиқ ўзлаштириши лозим бўлсада, биз Имом Нававийнинг тавҳид илмида бирорта устози бўлганини билмаймиз. Эҳтимол у киши мазкур илмни устозларининг биридан ўргангандир. Унинг “Шарҳи Сахихи Муслим” асаридан аҳли сунна вал жамоа ақидасига оид кўплаб масалалар ўрин олган. Имом Нававий ўзи аввалги уламоларнинг ақидаларини давомчиси сифатида майдонга чиққан бўлсада, баъзи ўринларда ақида масалаларини кейинги давр уламоларининг услублари бўйича таъвил қиларди.

Ёфиъий ва Тожиддин ас-Субкийлар Имом Нававийни “У ақидада Ашъарий таълимотига эргашар эди” деб очиқ айтишган.

Имом Заҳабий ўзининг “Тарих” китобида: “Унинг Аллоҳ таолонинг эшитиш сифатлари борасидаги тутган йўли – таъвил қилмай жим туриш эди. Уларни қандай келган бўлса, шундай қабул қиларди. Баъзан “Шарҳи Сахихи Муслим” да мазкур масалани бир оз таъвил қилган”, деган.

Имом Саховий айтади: “Унинг сўзида таъвил кўп учрар эди”.

Имом Нававийнинг тавҳид борасида алоҳида асари бор. Аллома ушбу китобини “Ал-Мақосид” деб номлаган.

Нававий – тилшунос. Ҳеч ким араб тилининг морфология, синтаксис бўлимларини, иштиқоқ мавзусини ҳамда ҳар бир калималарининг маъноларини мукаммал билмай туриб Қуръонни, ҳадисни тўлиқ тушуна олмайди. Имом Нававийнинг ҳам фикри шу. Хатто у зот араб тилини мукаммал ўрганишга бошқаларни ҳам қизиқтирар эди. Аллома ўзининг “Таҳзиб ал-асма вал-луғот” китобининг муқаддимасида жумладан қуйидагиларни айтади: “Аммо баъд. Дарҳақиқат, арабларнинг тили орқали Аллоҳнинг Китоби, Пайғамбаримизнинг ҳадислари англанади. Шунинг учун ҳам аввалги ўтган барча олимларимиз, устозларимиз араб тилини мукаммал ўрганишга катта аҳамият беришган”.

Нававий – муҳаддис.Шариат уламоларининг иттифоқ қилишларича, Аллоҳнинг Китобидан кейин илмларнинг энг афзали ҳадис илмидир. Қолаверса, Қуръони каримдаги кўплаб ҳукмлар, уларнинг хос ва умумлиги, носих ва мансухлари фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билангина ойдинлашади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْر لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُون«

(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик. (Наҳл сураси 44-оят).

Ҳадис Қуръонни баён қилувчи ҳамда шариатнинг муҳим манбаси ҳисобланади. У фақиҳлар, ақида уламолари, воизлар ҳамда араб тили билан шуғулланувчи кишилар учун Қуръондан кейинги энг муҳим қуролдир. Муҳаддислар ҳижрий биринчи асрдан бошлаб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф ва мавзуъ каби турларга ажратишга бор куч ва имкониятларини сарф эта бошлаганлар. Ҳар қандай муҳаддис ҳадисларни жамлашга, уни текширишга, ровийларни танишга қизиқадилар ва санадларни олий бўлишига мусобоқалашадилар. Ҳадиснинг санади муттасил бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етгунча кишилар кам бўлса бу ҳадиснинг бахоси баланд бўлади. Манашу муҳаддислар ўртасида фахрланиш ўрнидир. Ҳақиқий муҳаддис ҳадис фиқҳини ҳам яҳши билмоғи лозим. Имом Нававий ҳадис борасида қайсидир бир йўналишда эмас эди. Балки ҳадисниг фиқҳи бўлсин, ҳадисдан олинадиган хукмлар бўлсин ва яна умуман ҳадисга тегишли барча илмларда пешқадам бўлган. Унинг ҳадис борасидаги асосий эътибори юқорида ўтган “Саҳийҳи муслим” нинг муқаддимасида келтирилган ҳадис илмларини билиш, сўнгра ҳадис фиқҳига киришарди. Унинг ҳадис илми борасида кўп шайхлари бўлган.

Инсонлар ҳадис илми борасида Имом Нававийнинг «Саҳиҳи Муслим» китобига ёзган шарҳидан кўра тўлиқроқ ва мукаммалроқ бирор шарҳни билмайдилар. Имом Нававий бу китобни ўқувчига савияси қай даражада бўлмасин хох яширин хох ошкора саволига жавоб топаоладиган қилиб ёзди. Агар ҳадиснинг тадқиқ қилинадиган санади бўлса санад баҳси, бирор луғат ёки луғатга тегишли маълумотлар, исми номаълум бўлган кишини номлаш, ҳадис маъноларининг шарҳи, ҳадиснинг истинботлари, ҳадисни зоҳирини олиб айтган кишиларнинг гаплари, ҳадисга ҳилоф қилганлар ва уларнинг хужжатлари каби бир қатор фойдали маълумотлар асарда ўз ифодасини топган.

Шу ўринда Имом Нававий қолдирган илмий мерос ва хизматни муносиб ўрни борлигини яна бир бор таъкидлаш жоиздир. У зотнинг асарлари ҳозирги кунда илмий асосда тадқиқодлар олиб боришга мухтождир.

Жалолов Авазхон

Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо” масжиди имом хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan