«Қалб малҳами»

Ҳақ таолонинг бизларга берган сон-саноқсиз неъматларини беш вақт намозларда ва бошқа буюрилган амалларда шукронасини қилишимиз лозим экан. Зеро Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасининг 45-оятида шундай марҳамат қилади: “Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур”.
Намоз мўминга нажот ва паноҳдир. Намознинг фазилати ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): «Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали бу намоздир» деганлар. Расулуллоҳ (с.а.в)дан: «Қайси амал афзал? (Аллоҳга суюклироқ)» деб сўрашганида: «Вақтида ўқилган намоз» деб жавоб берганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Намоз бандани Аллоҳ таолога дили ва вужуди билан боғлайдиган ибодатдир. Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг малҳами, нафс жиловидир. Намоз имоннинг аломати, қабрни нурлантирувчи зиё, охиратда дўзаҳдан тўсувчи парда, бандани ёмонлик ва гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир.

Достон Тошмуротов
Сирдарё вилояти “Исохонтўра”
 жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan