Муборак динимизда буюрилган гўзал амалллардан бири бу омонатдорликдир. Албатта омонатдорлик мўмин кишига файз ва виқор беради. Бунинг акси омонатга бепарво ва эътиборсиз кишининг обрўси ва иззатига ҳам путур етади, инсонларни ўртасида обрўси ҳам камаяди. Роббимиз бу ҳақиқатни Қуръони каримнинг “Мўминун” сурасини 8-оятида эслатиб шундай дейди: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар”.
Бошқа бир оятда эса: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюрар” дейди. (Нисо сураси 58-оят).
Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик якка шахслар ҳамда жамоалар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик барқаролигининг асосидир. Бундай мўминларга хос сифатлар орадан йўқолса, кишилар бир-бирига ишонмай қўйишади. Оқибатда улар ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етиб, ёлғончилик ҳамда алдов кучайиб, мустаҳкам жамият инқирозга юз тутади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадиси шарифларида омонатдорлик ва ваъдага вафо қилишга буюрганлар. Жумладан: “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!” (Имом Термизий ривоятлари).
Афсуслар бўлсинки биз омонатни жуда тор доирада тушинамиз. Уламоларимиз аслида омонатнинг кўлами жуда ҳам катта эканини таъкид қилганлар. Бугунги кунда кўпчилигимиз ёдимиздан чиқарган омонатнинг бир жиҳати, бу сўздаги омонат. Бир киши бизга ишониб бир гап айтса, уни бошқаларга айтмаслигимизни сўраса, албатта у омонат бўлади. Ўша сирни фош этиб бошқаларга у ҳақида гапириш айни омонатга ҳиёнат ҳисобланади. Бу борада ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу ҳадисларини пуҳта тушиниб олишимиз керак. У Зот айтадилар: “Бир инсон билан суҳбатлашиб турсангиз суҳбат вақтида суҳбатдош у томон бу томонга аланглаб қараса, билингки ўша гап ҳам омонатдир”.
Демак азизлар сўзда ҳам амалда ҳам омонатдор бўлмоғимиз лозим. Шунда гўзал аҳлоқ соҳибига айланамиз. Муборак Рамазон ойида эса бу фазилатни ўзимизда касб этсак ва доимий унга амал қилсак нур устига ало бўлади. Яратган барчаларимизни омонатдор бандалари сафида қилсин!
Авазхон домла Жалолов
Сирдарё тумани “Абу Бакр” жоме
масжиди имом – хатиби: