Комил мўминликнинг муҳим белгиси (2-қисм)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ». (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).

 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Киши ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг исломи гўзал эканлигидандир”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Биринчидан, мусулмон киши динини гўзал қилишга ҳаракат қилиши лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар сизлардан бир киши ўз исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шундай ёзиб қўйилади” (Бухорий ривояти). Демак беҳуда ишларни тарк қилиб, мусулмончилигини чиройли қилган кишининг бу дунёда қилган хайрли ишларининг савоблари охиратда ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилар экан.

Иккинчидан, ушбу пурмаъно ҳадиснинг мазмуни яна кўплаб оят ва ҳадисларда баён этилган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир” (Мўминун, 3). Ушбу оятда нажот топувчи ва Фирдавс жаннатига муяссар бўладиган мўмин кишиларнинг сифатларидан бири уларнинг беҳуда нарсалардан тийилиши экани таъкидланмоқда. Зеро, мўмин киши нафақат гуноҳ ишлардан тийилиши, балки барча беҳуда нарсалардан юз ўгиришга ҳаракат қилиши лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зар Ғифорий (розияллоҳу анҳу)га дедилар: “Одамнинг ўз камчиликларини англамаслиги ва беҳуда нарсаларга аралашиши унинг ёмонлигига кифоя қилади” (Ибн Ҳиббон ривояти). Имом Молик ўзининг “Муватто” китобида келтиришича, Луқмон ҳакимдан: “Сизни бу даражага нима олиб чиқди?”- деб сўрашганида “Ростгуйлик, омонатни адо этиш ва беҳуда нарсаларни тарк этиш” — деб жавоб берган эканлар.

Учинчидан, инсонга қайси амал фойдали ва қайси амал фойдасиз эканлигини белгилаб берувчи бу шариатдир. Хазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) кунлардан бир куни минбарга чиқиб “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, уларнинг адашганлари сизга зарар қилмас” (Моида, 105) оятини ўқидилар ва одамларга шундай мурожаат қилган экан: “Сизлар  ушбу оятни ўқиб нотўғри хулоса қилманг, зеро мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Агар одамлар золим кимсани кўра туриб, унинг қўлидан тутиб қайтармаса, Аллоҳ уларнинг барчасига бало юборади” — деганларини эшитдим”.

Тўртинчидан, мусулмон кишига лозим бўлган энг муҳим ишлардан бири тилни сақлашдир. Қуръони каримнинг Қоф сураси 17-18-оятларида: “Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозирдир” – дейилган. Яъни ҳар бир инсоннинг ўнг ва чап томонидаги икки фаришта унинг ҳар бир қилган амали ва айтган сўзларини ёзиб боради. Ҳисоб-китоб кунида инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган амал дафтари ушбу фаришталарнинг ёзувлари бўлади. Ҳасан Басрий юқоридаги оятни ўқиб туриб: “Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, бири ўнг тарафингда яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингда ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг озми, кўпми қилавер. Ҳаётинг тугаши билан саҳифанг беркитилиб, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан” — деган эканлар.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу): “Эй Аллоҳнинг элчиси, биз ҳар битта гапирган гапимизга ҳам жавоб берамизми?” деб сўраганда, Пайғамбар (алайҳис-салом): “Сени онанг йўқоткур, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!” – деб жавоб берганлар (Термизий ривоятлари). 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, яхшиликни сўзласин ёки сукут қилсин”, дедилар (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон — мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир” , дедилар(Бешовлари ривоят қилишган).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар (Муслим ривояти).

Маъруф Кархий айтадилар: “Банданинг беҳуда сўзларни гапириши уни Аллоҳнинг марҳаматидан бенасиб қилади”.

Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кимнинг гапи кўпайса, уни тойилиши кўпаяди. Кимнинг тойилиши кўпайса, гуноҳи кўпаяди. Кимнинг гуноҳи кўпайса, у дўзахга мустаҳиқ бўлади”.

Ҳисоб-китоб кунида киши ҳар бир беҳуда сўзни сўзлагини учун бешта саволга тутилади:

  • Фалон сўзни нега айтдинг, унинг сенга нима аҳамияти бор эди?
  • Уни сўзлаб нима фойда топдинг?
  • Агар айтмаганингда, сенга нима зиён бўларди?
  • Жим туриб ёмонлигидан саломат қолсанг бўлмасмиди?
  • Унинг ўрнига “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳи валлоҳу акбар”ни айтсанг, бўлмасмиди?

Имом Шофиий: “Уч нарса ақлни оширади: Олимлар ҳамсуҳбат бўлиш, яхши кишилар шерик бўлиш ва беҳуда сўзларни тарк қилиш” — деган.

Хулоса шуки, мусулмон киши зиммасида қанча масъулият ва вазифалар борлигини ҳис этган ҳолда дунё ва охиратда фойдаси тегадиган ишларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилиши керак. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида инсон умрини бекор кетказувчи турли-туман воситалар кўпайди. Дунё охират экинзори, ҳаёт қисқа. Охират озиғини ғамлаш учун умримизни ғанимат билайлик. Қуръони каримнинг Фотир сураси 5-6-оятларида Яратганнинг Ўзи бизларга шуни эслатади: “Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Шундай экан ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи (Шайтон) ҳам сизни Аллоҳдан чалғитмасин. Чунки Шайтон сизга душмандир. Сиз ҳам уни душман тутинг. У ўзига эргашганларни фақат ўта қизиган дўзах эгаларидан бўлишлари учун чақирур”.

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Мўминжон Усмонов

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *