Бугун Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Интилиш маҳалласида жойлашган «Аҳмад ибн Малик» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Вилоятда расмий рўйхатдан ўтган 74-масжид сифатида фаолият бошлаган мазкур масжиднинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Шакир Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари Иброҳим Иномов ва Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов иштирок этиб, юртдошларимизни масжид очилиши билан табриклади.
Масжид очилиши шукронасига жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга тарқатилди. Янги масжиднинг имом-хатиби Улуғбек домла Қобиловга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси тантанали равишда топширилди. Масжидни бино бўлишида ўз ҳиссасини қўшганлар ҳақига дуои-хайрлар қилиниб, масжидни то қиёмат мусулмонларга хизмат қилишини Яратгандан сўралди.
Зиёратчилар масжидни зиёрат қилиб, икки ракатдан намоз ўқишди, бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуо қилдилар.





ЎМИ Сирдарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати