Мазҳабошимиз имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳаётларида кўплаб фирқа ва оқим тарафдорларига ўз фикр ва раддияларини билдириб, уларни турли баҳс-мунозараларда доимо теран фикрлари билан лол қолдириб келганлар. Бунга Жаҳмия фирқаси йўлбошчиси Жаҳм ибн Сафвон ас-Самарқандий ва Имом Абу Ҳанифа ўрталарида бўлиб ўтган мунозарада ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Маккий ўзининг “Маноқиб” ида қуйидагиларни келтиради:
Жаҳм ибн Сафвон ас-Самарқандий мунозара қилиш учун Абу Ҳанифанинг олдига келди ва у кишига: “Эй, Абу Ҳанифа! Олдингга сен учун тайёрлаб қўйган нарсаларим хақида гаплашгани келдим”, деди.
“Сен билан бўладиган калом ордир. Сен ичида турган нарсага шўнғиш алангаланиб турган оловдир”,- деди Абу Ҳанифа.
– Каломимни эшитмай, мен билан учрашмай туриб менинг хақимда бундай ҳукмни қандай чиқардинг?
– Менга сенинг хақингда аҳли намоз одам айтмайдиган гапларни айтишинг етган.
– Мен хақимда ғойибдан шундай хукм чиқарасанми?
– Бу нарса сенинг хақингда машҳур бўлган. Авом ҳам, хослар ҳам гапирган. Бас, мен учун сенинг хақингда буни тахқиқ қилиш жоиз бўлган.
– Эй, Абу Ҳанифа! Мен сендан иймондан бошқа нарса хақида сўрамайман.
– Ҳозирги соатгача иймонни билмайсанми? Токи мендан унинг хақида сўрасанг!
– Тўғри! Аммо мен унинг баъзи тури хақида шакка тушиб қолдим.
– Иймонда шак қилиш куфрдир.
– Сенга менинг қандай қилиб куфрга лойиқ бўлишимни баён қилиб бермаслигинг ҳеч халол эмас.
– Сўра.
– Аллоҳни қалби ила таниган, Унинг бирлигини, шериги ва тенгдоши йўқлигини билган, Унинг сифатларини, Унинг ўхшаши йўқлигини билган, сўнгра тили билан сўзлашидан олдин ўлган одам хақида хабар бер. У мўмин ҳолида ўлдими ёки кофир ҳолида?
– У то қалби билан таниганини тили билан гапирмагунича кофирдир. Дўзах аҳлидандир.
– Аллоҳни сифатлари билан таниганидан кейин ҳам қандай қилиб мўмин бўлмайди?
«Агар Қуръонга иймонинг бўлса ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга у билан гапираман. Агар унга иймон келтирсанг-у, ҳужжат деб билмасанг, ҳудди Исломга хилоф қилган одам гапиргандек гапираман”, -деди Абу Ҳанифа.
– Қуръонга иймон келтираман ва уни ҳужжат деб биламан.
– Аллоҳ таоло Ўз китобида иймоннинг икки аъзо: қалб ва тил билан бўлишини айтган. У зот: “Улар Набийга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, хақни билганликларидан кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: “Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган хаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!” – дерлар. Айтганларига яраша Аллоҳ уларга (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шудир” (Моида сураси, 83-85 оят), деган.
Бас, У зот уларни маърифат ва гапириш ила жаннатга эриштирди ва уларни икки аъзо: қалб ва тил билан мўмин қилди. У зот таоло яна: “Айтинглар: “Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Исога берилган нарсага ва набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз”. Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, хидоят топадилар” (Бақара сураси, 136-137 оят), деган.
У зот таоло яна: “Ва уларга тақво калимасини лозим кўрди” (“Фатҳ” сураси, 26-оят), деган. У зот таоло: “Ва улар ширин сўзга Ҳидоят қилинурлар” (Хаж сураси, 24-оят), деган. У зот яна: “Унга хуш каломлар юксалур” (Фотир сураси, 10-оят), деган. Яна: “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят), деган.
Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” денглар, нажот топасизлар”, деганлар. Ул зот нажот топишнинг сўзсиз, фақатгина маърифат билан бўлишини айтмаганлар. Шунингдек, “Ким “Лаа илааҳа Иллаллоҳу”ни айтган бўлса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади”, деганлар. Ким Аллоҳни таниса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади, деганлари йўқ.
Агар сўзга эҳтиёж бўлмаса ва маърифат билан кифояланадиган бўлса, Аллоҳни тили билан рад ва инкор қилган одам Уни қалби билан таниса, мўмин бўлиши керак бўлади. Бунда иблис ҳам мўмин бўлади. Чунки, у Роббини танийди. У зот холиқи – яратувчиси, ўлдирувчиси ва иғвога учратувчиси эканини билади. “У: “Мени иғвога учратганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман” (Аъроф сураси, 16-оят), деган. У яна: “Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин” (Ҳижр сураси, 36-оят) – деди. Яна: Мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят), деди.
Бунда кофирлар Роббиларини таниганлари учун, агар тиллари билан инкор қилсалар ҳам, мўмин бўлар эдилар. Аллоҳ таоло: “Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у (мўжиза)ларни инкор этдилар” (Намл сураси, 14-оят), деган. Улар ўзлари Аллоҳнинг бирлигини аниқ билган бўлсалар ҳам, тиллари билан инкор қилганлари учун, уларни “мўминлар” демади. У зот азза ва жалла: “Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир” (Наҳл сураси, 83-оят), деган. У зот таоло: “Сен: “Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?” деб айт. Улар, албатта: “Аллоҳ”, дерлар. Бас, сен: “Тақво қилмайсизларми?” деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг хақ Роббингиздир” (Юнус сураси, 31-32 оят), деган. Бас, инкорлари бўлгани учун уларга маърифатлари ёрдам бермади. У зот таоло: “Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар” (Бақара сураси, 146-оят), деган. Уларга Уни инкор қилганлари учун маърифат фойда бермади.
Шунда Жаҳм: “Сен менинг ҳаёлимда бир нарсани қолдирдинг. Олдинга яна қайтиб келаман”,-деди.
Дарҳақиқат, мўмин-мусулмонлар доимо Абу Ханифа рохматуллоҳи алайҳидек мужтаҳид зотларнинг илмига муҳтож бўлиб келган. Жаҳм ибн Сафвондек ўзининг нотўғри ақидасига ишониб юрган ақидапарастга ҳам аниқ ва ўта ишончли далиллар асосида жавоб берилгач, у ҳам маълум тўғри тушунчани англаб қолди, фақат уни тўғри йўлга тушишидан фақат ўз нафси-хоҳишига эргашишлиги тўсиб қолган холос.
Биз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киром розияллоҳу анҳум йўлларидан юришни истасак, илм ва тақвода пешво бўлган зотларнинг кўрсатиб кетган йўллидан адашмай илдам қадам босайлик. Нотўғри эътиқодга эргашишдан Аллоҳ ўз паноҳида асрасин.
“Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси 1-курс талабаси
Суюндиков Суннатилла