Мазҳаб — саодат кўпригидир ­

Маълумки, муқаддас динимизда хоҳ ақидавий, хоҳ фиқҳий масалаларда бўлсин ўзаро ихтилофга тушиб, турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниш қораланади. Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси-шарифлар мўмин-мусулмонларни ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатга тарғиб қилиб, унинг акси бўлган ихтилоф, парокандалик, тартибсизлик каби иттифоқни парчаловчи омилларни қоралайди.

Шубҳасиз, ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннатни тушуниш, ундан мустақил ҳукм олиш учун етарли билим ва салоҳиятга эга эмас. Бундай ҳолда у фақатгина шахс камолоти, халқ фаровонлиги ва жамият ижтимоий барқарорлигини кўзлаб ҳукм чиқарувчи мужтаҳидларга эҳтиёж сезади.

Шу маънода мужтаҳид уламолар томонидан Қуръон ва Суннат кўрсатмалари асосида фиқҳий мазҳабларга асос солиниши бу – мусулмонлар бирлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлашдаги муҳим омилдир. Мазкур шариат кўрсатмаларига риоя қилишда мусулмонлар учун қулайликлар туғдириш билан бирга Қуръон ва Суннатга амал қилишда Аҳли суннага зид бўлган адашишликдан ҳам сақлайди.

Маълумки, исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга бўлинади.

Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишдаги турли-туманлилик бўлиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, ҳар хил тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўътазилий, қадарий, жабарий ва муржиъий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.

Фиқҳий ихтилофлар эса ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга мазҳаблар томонидан турлича ёндашувни англатади. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилмайди. Аксинча, ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги унга эътиқод қилувчилар учун кенг имкониятлар туғдиради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, нисбатан энг яқин ва қулай йўл танланади. Мусулмон кишининг бирор-бир мазҳабга эргашишини ҳам айнан шунга қиёслаш ўринлидир.

Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш асло мумкин эмас. Фиқҳий масалаларда эса бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим деб қаралган. Зеро, мазҳаб – оддий инсонлар учун чигал ва тушунарсиз бўлган фиқҳий масалаларни осонлик билан ҳал этиб унга амал қилиш имконини яратади.

Усулул-фиқҳ уламолари: “Тақлид – шариатга амал қилишда далилни билмаган шахснинг уни билган ва ечимини берган шахс фикрини англамасдан қабул қилиб, амал қилишидир”, – дея таърифлаганлар.

Демак, муқаллид, яъни тақлид қилувчи ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади. Мутлақ мужтаҳид бўлмаган киши учун мужтаҳид олимларидан бирига тақлид қилиши ўринли. Ҳатто мусулмон шахс баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиши керак бўлади.

Зеро, Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади:

“Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.

Бу ўз навбатида Аллоҳ томонида бирон масала ечимини билмаган шахс уни ечишга қодир бўлган мужтаҳиддан сўрашини буюриши динда тақлид қилишга кўрсатма берилганлигига далил бўлади.

Саҳоба ва тобеинлар даврида мужтаҳид бўлмаган мусулмон ўзи билмаган масалаларни мужтаҳид бўлганлардан сўраган. Агар динга тақлид мумкин бўлмаганда сўровчилар савол бермаган ва сўралган шахслар ҳам уларга: “ўзингиз ижтиҳод қилинглар”, – деб айтган бўларди. Зеро, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларда бунақа ҳолат учрамаганлиги тарихий ҳақиқатдир. Шу сабабли мужтаҳидга тақлид қилиш лозимлиги саҳоба ва тобеинлар ижмоъси билан ўз исботини топган.

Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларида фиқҳ масалаларида ҳеч қандай муаммолар чиқмасди, чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари барча масалаларни илоҳий ваҳий орқали, ўз сўзлари ё амаллари билан ечиб берардилар. У зот алайҳиссалом нинг ҳар бир сўзлари, ҳар бир буйруқлари қонун ўрнида турарди. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин фиқҳдаги келиб чиққан масалаларга янги амрлар ва қўлланмаларга эҳтиёж сезилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг саҳобаларини шундай  сифатлаган эдилар:

“Менинг саҳобаларим юлдузлар сингардирлар. Улардан ҳар бирига иқтидо қилсангиз – изидан борсангиз, тўғри йўлдан борган бўлурсиз” ва саҳобалари ҳам ояти каримага бўйинсунуб, амал қилашарди:

 “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ ишдир” (Нисо 59)

 “Улар ўзаро кенгаш асосида иш олиб борадилар” (Шўро 38)

Ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифлар барча мусулмонлар учун асосий қоидалари ҳисобланарди. Шунингдек пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш юбора бошладилар.Жумладн, Яманга Муоз ибн Жабални (р.а.) юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида пайғамбар (алайҳиссалом) у кишини тўхтатиб, » У ерда сенга бар масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан? » деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) «Аллоҳнинг китоби ила «, деб жавоб бердилар. Расули Акрам (алайҳиссалом): » Аллоҳнинг китобидан топа олмасангчи? » деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) » Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила «, деб жавоб бердилар. Пайғамбар (алайҳиссалом): » “Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи? « деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал (р.а.) қараб турмосдан, » фикрим ила ижтиҳод қиламан «, дедилар. Пайғамбар (алайҳиссалом) бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: «Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин «, дедилар.


Муҳаммад ҒОИБОВ
ЎМИ Сирдарё вакиллиги

Матбуот ходими

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan