Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тинчлик Аллоҳ таолонинг биз бандаларига ато этган энг олий неъмати ҳисобланади. Дунёда осуда яшаш, илм олиш, фаровон ҳаёт кечириш, тараққиётга эришиш, ибодатлардан халоват топиш, фарзандлар камолини кўриш айнан тинчлик сабабли юзага келади.
Ислом сўзининг маъноси “тинчлик” деган маънони англатади ва динимиз бутун дунёга тинчликни тараннум этади. Мусулмон халқлари бир-бирлари билан кўришганда айтадиган «Ассалому алайкум» яъни «Сизга тинчлик-омонлик тилайман» деган сўзлари бошқа бирор халқ ва миллатда топилмайди. Халқимизнинг энг кўп такрорлайдиган дуоси «Илоҳо, юртимизни тинч ва хонадонларимизни осойишта қилгин» деган дуодир. Доно халқимизнинг «Қўшнинг тинч – сен тинч», «Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади» сингари мақоллари ҳам тинчликнинг қанчалар бебаҳо неъмат эканлигини англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Ҳақиқий мусулмон тили билан ва қўли билан бошқаларга озор бермайди», ва бошқа бир ҳадисда «Икки энг азиз неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди, улар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир», дедилар.
Она Ватан тинчлигини сақлашда айниқса Ватан ҳимоячиларининг хизмати беқиёс. Эл-юрт муҳофазаси йўлида заҳмат чеккан мард ўғлонларга улкан ажр-савоблар ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш минг кун рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир», «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши, иккинчиси –Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган киши» дея марҳамат қилганлар.
Муқаддас динимиз бўлмиш Ислом таълимотида Ватан ҳимоясида турган киши доимо сабот ва матонат кўрсатиши лозимлиги айтилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муборак ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга элтувчи етти амалдан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар нима?» дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ бировни ўлдириш, судхўрлик, етимнинг ҳақини ейиш, Ватан ҳимоясидан қочиш, иффатли, мўмина аёлларга туҳмат қилишдир!”, дедилар.
Ватанни ҳимоя қилиш дегани – фақат қўлга қурол олиб, чегараларда хушёр туриш эмас, балки тинчликни сақлаш йўлида ҳар бир фуқаро ўз бурчини чин дилдан, ихлос ва эътиқод билан бажармоғи, шунингдек, Ватанга тош отувчилар, иғвогар ва фитначиларга қарши кураш йўллари билан ўз юртини, халқини ҳимоя қилиш деганидир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик – омонликда сақласин ва она диёримизни ёмон кўзлардан, ёмон ниятлилардан, турли офатлардан асрасин ва Ватан ҳимоячиларининг савобли ва масъулиятли ишларида Ўзи мададкор бўлсин!   

Нурмуҳаммад НАРЗУЛЛАЕВ
Сирдарё тумани “Бахт” жоме
масжиди имом-хатиби 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan