Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини асраб-авайлаш ҳар бир имонли, эътиқодли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга эга бўлади. Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Шунга биноан ҳар бир инсон бутун жамият учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши зиммасидаги бурч эканлигини унутмаслиги лозим. Айниқса, Ватан ҳимоясида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани улуғ масъулият деб билмоғи лозим. Ватан ҳимоячиси бўлиш улкан шарафдир. Киндик қони тўкилган Ватанни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши улуғ мақомга етиши, катта савоблар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”. (Имом Термизий ривояти).
Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду-ҳуррамлик сиғади, байрамлар ярашади. Ҳарбий хизмат савобли муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”, деганлар.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси учун ору-номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббатлари асло ўзгармади. Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди”.
Биз ўз жигарбанд, дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилида Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”, деганлар. “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати ва жонини ҳам аямайдиган инсондир”, – деган экан мутафаккирлардан бири.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақласин.
Аминжон Исмоилов,
Сирдарё тумани “Янги ҳаёт”
жоме масжиди имом-хатиби.