АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Халқимиз ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас. Ислом дини инсон наслини мукаррам санайди, Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баробар қадр-қимматга эгадир.
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Бинобарин, хотира бу – унутмаслик, деганидир. Соҳибқирон Амир Темур ҳам сўзини “Бизким…” дея ўз Ватанини, халқини, аждодларимиз ҳурматини бажо этиш билан бошлаган. Ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳам, шоир ва саркарда Бобур ҳам, шоирлар султони Алишер Навоий ҳам аждодлар руҳига муносиб, буюк ишларнинг давомчиси бўлишга интилганлар. Шунинг билан бирга, хотира – тириклик чашмасидир. Ундан имон-эътиқод билан сув ичганлар авлоди қудратли ва салоҳиятли бўлади.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан, қолаверса, бу бугун том маънода миллий қадриятга айланди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, деб марҳамат қилади. (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш, яхши амаллардан эканига далолатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Бу дунёдан ўтган биродарларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар.
Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак.
Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат барча байрамларимиз сингари “Хотира ва қадрлаш куни” мисолида ҳам ёрқин намоён бўлади.
Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш – халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини бошдан кечирган кишилар осойишталикни дилдан ҳис қилган, унинг нақадар муҳим эканини англаб етиб, бу йўлда Ватанини, оиласини, ўзлигини ҳимоя қилиш учун иккиланмасдан жонини гаровга қўйиб хизмат қилганлар. Минг афсуски, ҳозирги кунда уларнинг сафлари тобора камайиб бормоқда. Ёшлигининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. 
Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.
Аллоҳ таоло жонажон юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлган, фронт ортини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилган, заҳмат чекиб ўтган ота-боболаримизни, юртдошларимизнинг барчаларини ўз раҳматига олиб, табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизнинг умрларини узоқ қилсин!

 

Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *