КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ ЁКИ БИЗ

Инсоннинг кийган либоси унинг ички дунёсидан, ҳаё- ибосидан,  дунёқарашидан далолат беради.  Ҳар бир миллат ўзининг миллий либосини кийишга тўла ҳақли. Шундай экан, аёлларимиз ўз миллий либосларини кийсинлар. Ўзимизга хос кийиниш орқали миллий маданиятимиз янада қарор топсин.

Мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланаяпти. Қадимий либосларимиз ҳам замоннинг ўзгариши билан янада кўркамлашиб, зийнатлашиб бормоқда. Аммо, айрим ёшлар ва аёллар миллий ва диний қадриятларни ифода этадиган либослардан юз ўгирмоқдалар. Машойихлардан бири : «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шаъриат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий”, деган экан.
Одам диний ва дунёвий билимларни қанча кўп билгани сайин эзгуликка яқинлашиб бораверади. Шарқона тарбиянинг асосини ҳам исломий маданият ташкил этади. Юртимизда ҳар бир шахс кийиниш эркинлигига эга. Лекин , яхши кўриниш ёки кимгадир ҳавас қилиб , билиб-билмай кимларгадир тақлид қилиб кийиниб юриш яхши эмас.
Бежирим кийиниш, қулай ва атрофдагиларнинг ғашига тегмайдиган кийимларни кийиш меҳр- оқибат, миллий қадриятларимизнинг юксаклигини ифодалайди. Бунга амал қилиш мустақил ва обод юртимизнинг ҳуснига- ҳусн қўшади.
Жамиятимизда исломий қадриятларнинг қадр топаётгани, диний савод борасида янги авлод шаклланаётганини эътироф этиш лозим. Бугун кўплаб юртдошларимиз Ислом давлатларида, юртимизда диний соҳа бўйича билим олиш имкониятига эга бўлдилар . Ҳамда ўзини муслим деб англаётган юртдошларимиз кийиниш бобидаги ислоҳотларни аввало ўз оилаларидан бошлашди. Калта-култа, енгсиз, баданга ёпишиб турадиган кийимлардан бир қадар воз кечилди.
Аммо, ҳижобли хотин-қизлар кўпайиб бормоқда. Кўча-куйда замонавий ҳижобли аёлларга тез-тез кўзимиз тушади. Яъни, қоматига ёпишиб турган узун, ерни супириб турган либосни ва юзидаги пардозни (қош-кўзлар, юзлар шундай бўялган-ки, беихтиёр кўзингизни узолмай қоласиз) кўриб ўйга толасиз. Номаҳрамлардан пана қилиш мақсадида ҳижоб ўраган аёлнинг меъёридан ортиқ пардоз қилиши ва ўта тор, ранг-баранг кийим кийиши қанчалик тўғри? Ёки айрим аёлларимизнинг қоп-қора ридога ўралиб олиши… Бу бизни Шарқнинг илғор давлатларига кўр кўрона тақлидимиз эмасми? Бу бизни ўз миллий қиёфамиздан узоқлаштириш эмасми?
Муқаддас динимизда мўминларнинг либоси тоза, оҳорли, покиза, ўзига ярашиқли бўлиши лозимлиги айтилади. Ўз фикрига эга бўлмаган киши эса шамол қаёққа қараб эсса шу ёққа эгилади ва фақат кўзигина кўриниб турадиган қоп-қора чимматга ўралиб, атрофдагиларда нохуш кайфият уйҳотади. Энг оддий туюлган кийиниш масаласига ўз миллий қадриятларимиз, тарбия ва эътиқодимиздан келиб чиқиб ёндошайлик, ўшанда маданиятлараро аросатда қолмаймиз.
Миллий либосимиз фақат атлас ва беқасам эмас, балки ёшига, жамиятдаги ўрнига, касбига, мақеига мос бўлса, қараган киши хижолат бўлиб кўзини олиб қочмайди. Балки ўша инсонга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини туяди.

Сирдарё вилояти бош имом-хатибниннг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: М. Мелибаева

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.