Халқимизнинг диний илмларни ўрганишга ғайрати ва унга амал қилишга ихлоси ошаётгани жуда қувончли ҳолат, албатта. Бу фақат юртга барака ва яхшилик олиб келади. Аксинча бузуқлик, дину диёнатдан, ҳалоллик ва покликдан узоқлашиш турли бало ва ёмонликларни чақиради.
Бугунги кунда диний билим олиш, билмаганини излаб топиш учун интернет майдони энг қулай воситага айланиб улгурди. Аммо жиловсиз ва назоратсиз бу виртуал оламда муқаддас динимиз таълимотлари бузиб талқин қилинган бир ёқлама маълумотларнинг кенг қулоч очаётгани ташвишлидир.
Муқаддас ислом динимиз фақат эзгуликка, инсонпарварликка, нурли ҳаётга чорлаши, инсонни икки дунё саодатига бошлашида шак-шубҳа йўқ. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам бунга алоҳида урғу берган эди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Афсуски, дин номидаги сохта қарашлар ва нотўғри талқинлар ёхуд ўз динидан айиришга қаратилган миссионерлик ғояларининг аҳоли ўртасида тарқалиши хатари кучаймоқда. Мазкур таҳдидлардан халқни, айниқса ёшларни ҳимоя қилиш, уларни фитналар домига тушиб қолмаслиги, дўст билан душман, оқ билан қора, тўғри ва сохта диний қарашларнинг фарқини англатиш бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бунда диний соҳа вакилларининг тутган ўрни катта, албатта. Шу билан бирга, уларнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳамдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳар бирингиз жавобгарсиз ва қўл остидагиларга масъулдирсиз. Имом жавобгардир ва қўл остидагиларга масъулдир”, деганлар. Юртнинг бир ихлосли, лекин илмсиз фарзанди адашса, бунда унинг атрофидаги унинг тарбиясига масъул бўлганлар ҳам ўз масъулиятларини тўлиқ бажармаганлигини кўрсатади.
Имом-хатиблар, олимларимиз ва бошқа диний соҳа вакиллари бу йўлда ниятни тўғри олишимиз, Яратган ҳузурида жавобгарлик ва юрт олдида масъулиятини ёдда тутган ҳолда халқимизнинг диний эҳтиёжини қондириш, уларни қизиқтираётган саволларга жавоб бериш, улар билан мулоқот қилишнинг учун самарали ва халқимизга қулай йўлларини янада кўпайтиришимиз керак.
Уларга бағримизни очиш, муомала ва мулоқотда камтаринлик, самимийлик халқнинг ишончи ва меҳрини қозониш, уларга ёрдам берайлик. Акс ҳолда, табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаерда бўшлиқ пайдо бўлдими, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади. Қаттиқ чанқаган киши тоза сув топа олмаса, лойқасини ичишга мажбур бўлади.
Азиз халқимиздан, айниқса ёшларимиздан эса, инсоннинг дунё ва охирати бўлган динларини фақат таниган, синаган ва ишонган имомлардан, уламолардан сўраб ўрганишларини, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий манзиллари, канал ва саҳифаларидан фойдалинишларини сўраймиз. Инсон ожиз экан, унда ақл билан бирга ҳиссиёт ҳам бор, олаётган маълумотларини тўғрисини бироз оғишганидан ҳар доим ҳам ажрата олмайди. Биринчи нимани эшитса, қайси булоқдан қониб ичса, ўшани ҳақиқат деб, хулоса қилади кўпинча, ҳақ эса одатда бир оғиздан чиқмайди. Бу илм диндир, уни кимдан олиш эса жуда муҳим.
Мўминжон УСМОНОВ
Гулистон шаҳар “Тавҳид” жоме масжиди имом-хатиби