Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди.
Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга риоя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, жисмга ноқулайлик келтирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўлмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар организмнинг қон айланиш тизими бузилишига олиб келади. Эркаклар ички кийимларининг жуда торлиги аянчли ҳолатлар келтириб чиқариши аниқланган.
Кийим кишининг жисмига мос равишда, эркин ҳаракатланишга имкон берадиган қилиб тикилган бўлиши шарт. Ниҳоятда калта ёки кичик ва зиёда даражада узун бўлиши яхши эмас. Чунки бундай кийимларнинг тезда сийқаси чиқиб, эскиради. Натижада, ярашмай қолади, ҳатто кайфиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби матолар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар.
Уламолардан бири кийиниш борасида шундай деган экан: “Кийим кийишда аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва шариат билимдонлари айбламайдиган кийимни кий”.
Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларининг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.
Ғоибов МУҲАММАД
Сайхунобод тумани “Мулла Негмурод”
жоме масжид имом-хатиби
ЛИБОСИМИЗ МИЛЛАТИМИЗГА ХОС, ЗАМОНАГА МОС БЎЛСИН !