Энг олий шараф

Ислом таълимоти жамиятдаги барча инсонларнинг тинчлик, омонлик ва фаровонликда яшаб, дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишлари учун лозим бўлган зарур йўл-йўриқларни баён қилган. Ҳаёт маромининг асоси бўлган иқтисод низоми ҳам шу жумладандир. Ҳалол касб қилиб, меҳнат қилиш ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги фарз амаллардан биридир. Меҳнат қилиб ўз оиласини боқадиган, ўз билим ва ҳунари билан эл-юрт равнақига ҳиссасини қўшадиган инсон нафақат бу дунёда бахтли ва фаровон ҳаёт кечиради, балки Парвардигорнинг розилиги, улкан ажр-у савоблар ҳамда хато-камчиликларининг кечирилишига ҳам сазовор бўлади. Ал-Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли билан топган таомдан яхшироқ таом еган эмас. Аллоҳнинг Пайғамбари Довуд алайҳиссалом ўз қўли билан топганидан ер эди», дедилар».

Инсоният тарихи давомида барча пайғамбарлар ҳам касб-ҳунар ўрганиб, ўзлари қилган касбларидан ризқланиб ҳалол-пок ҳаёт кечиришган. Одам (алайҳиссалом) ҳам ризқларини буғдой-арпа экиш, ўриш, тегирмон қилиш ва нон ёпиш орқали топганлар. Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Иброҳим (алайҳиссалом) баззозлик, Довуд (алайҳиссалом) совут ясаш, хурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) чўпонлик ва савдогарлик касби билан машғул бўганлар. Оила юмушларига сарфланадиган пул пок йўл билан, ҳалол меҳнат эвазига топилмоғи зарур.
Дарҳақиқат, ўғрилик, порахўрлик, алдамчилик, фирибгарлик, қаллоблик билан орттирилган бойлик ҳаром саналади. Оилага кириб келадиган ҳар бир тийиннинг ҳалол бўлмоғи бу оила аъзоларининг дилини тўғри, бошини баланд қилади, ҳеч кимнинг олдида хижолат чекмаслиги, тили қисиқ бўлиб қолмаслигига, қиёмат кунида ҳам юзи ёруғ бўлишига гаров бўлади.
Ҳалол билан ҳаромни фарқлай билиш лозим. Зеро, бу икки тушунчанинг фарқини англамаслик, ҳалол билан ҳаромни аралаштириб юбориш, энг ёмони эса — ҳаромга ўрганиб қолиш киши бошига жуда катта фалокатларни, дилсиёҳликларни бошлаб келади. Ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсадан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Унга ўрганган одам охир-оқибатда Ватанни, эл-у юртни сотиб юборишдан ҳам тоймайди.
Пайғамбаримизнинг суюкли саҳобаларидан Абу Дардо барча намозларини масжидда, Расулуллоҳнинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қиларди. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтарди эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг намоздан кейинги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлиб қолди. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар: «Сизнинг масжидга келиб-кетишингизда бир ўзгариш кўраяпман, нима бўлди?». Абу Дардо бундай жавоб қилдилар: «Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларни тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғидаги ўша дарахтнинг тагига тўкиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келаяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимизникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди». Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар.
Демак ҳар бир инсон инъом этилган ақл-фаросати, зеҳн-идрокини, тадбир-ҳаракатини ишга солиши, ихлос ва яхши ниятлар билан касбу ҳунар қилиб, хоҳ жисмоний меҳнат, хоҳ ақлий меҳнат бўлсин, ўз халқи, эл-юртига манфаат келтиришга ва ўз оиласини моддий таъминлашга интилиши лозим.
Келажакка ишонч билан қараш, жамиятнинг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Аллоҳ таоло бу фаолиятларимизда Ўзи ёру мададкор бўлиб, тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнаткаш халқимиз ҳаётини фаровон, осмонимизни мусаффо этсин.

 Ҳабибулло ИБОДОВ
Гулистон тумани «Халқобод»
жоме масжиди имоми-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *