Исломда оила қуришдек масъулиятли вазифага катта аҳамият берилиб, унга оид шаръий ҳукмлар батафсил баён қилинган. Икки хонадон аҳли ўзаро танишиб, бўлажак келин-куёв ҳақида тўлиқ маълумот бериши, янги турмуш остонасида турган фарзандларининг диёнати, ахлоқи ҳақида рўй-рост сўзлашлари лозим. Агар йигит ёки қизнинг айби ошкор бўлса, ёш оиланинг бузилиш ёки икки оила ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўладиган айби бўлса, уларни ҳам маълум қилишлари керак. Айрим ҳолларда тўйга бир неча кун қолганда унаштирувни бузаётганларга гувоҳ бўламиз. Сабаби сўралса, йигит ёки қизнинг совчилик, унаштирувларда яширилган камчиликлари ошкор бўлгани боис тўй тўхтатилгани маълум бўлади. Шу сабабли, бўлажак келин-куёвларнинг бир-бирининг саломатлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишларида никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
Айрим ҳолларда хонадонга ташриф буюрган совчиларнинг гап-сўзлари, насл-насаби ёки бошқа жиҳатлари маъқул келмай қолганда икки томон ҳам бир-бирлари ҳақида салбий фикрларни билдирмасликлари шариат одобларидандир.
Икки хонадон бир-бирига маъқул келганидан сўнг, тўй-маросимини ўтказиш тўғрисида ўзаро маслаҳатлашадилар. Бу борада икки томон ҳам меъёрга асосланиб, исрофга, ҳаддан ошишга йўл қўймасликка бирдек масъул. Бўлажак қуда-андаларнинг бир-бирига ён босиши, ўзаро тушуниши, қўллаб-қувватлаши улар орасидаги силаи-раҳм муносабатларини янада мустаҳкамлайди. Ҳанафий уламолардан Бадриддин Айний роҳматуллоҳи алайҳ “Умдатул қорий” асарининг “Силаи раҳм (қариндошларга яхшилик қилиш)” бобида: “Сила – насабдош қариндошларга, ҳам қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу уларга лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳолларидан хабар олиш билан амалга ошади”, деб ёзадилар. Яъни, Қуда-андалар қариндош билан яхшилик қилинишда тенг қўйилмоқда.
Афсуски, бугунги кунда кўпроқ бой хонадонларни қудаликка танлаш ҳолатлари учрамоқда. Бойлик яхши албатта, лекин муқаддас ришта ўткинчи мол-дунё устига қурилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло ҳар кимнинг ўз пешонасига берсин. Оила бошлиғи бўладиган йигитни қайнотанинг мол-дунёси билан чалғитиб қўймаслик керак.
“Бошқалардан кам бўлмасин!”, “Бизнинг ҳам орзу-ҳавасимиз бор!”, деган хато тушунчаларга эргашиб тўй-маросимларни дабдабали ўтказиш ҳоллари бор. Айримлар “ўғил ўстирганман”, деб турнақаторлиги бир чорраҳадан кейинги чорраҳагача бўлган машиналарни қиммат пулга ёлласа, “қиз туққан айбдор”, дея келин томонга икки-уч хонани бекаму кўст жиҳозлаб бериш мажбурияти юклайди. Бундай маблағни беҳудага, исрофга сарфлаш, жонни қийнаш асосан аёлларимиздан чиқмоқда. Аллоҳ таоло оила бошлиғи этиб яратган эрлар “Ҳа энди ният қилишган-да, орзу-ҳаваслари шунақа экан”, деб бундай хурофотларга индамай туриши, кўрпага қараб оёқ узатмай қарз кўтаришлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта жавобгарликка олиб келади.
Имом Термизий ривоят қилган бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ! Мен Сендан инкор қилинган ахлоқлардан, амаллардан ва ҳавойи нафслардан паноҳ сўрайман», дер эдилар.
Орзунинг узунлиги баракани кетказадиган, бандани турли бидъат-хурофотлар ўйлаб топишга мажбур қиладиган, ўлимни эсдан чиқариб, Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирадиган ва охир-оқибатда Ҳаққа бўйин эголмайдиган қилиб қўядиган иш эканлиги маълумдир.
Бундай ишлар бошқаларга ўзини кўрсатиш, мақтаниш ва исрофдан ўзга нарса эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Эй, Расулаллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, (яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан, дейишидан) ёки бир-биридан қўрққанидан (яъни, фалончида шунча пули бўла туриб оддий, исрофсиз тўй қилди-я дейишидан қўрқиб) шундай қилишади.” (Имом Муслим ривояти).
Тўй – бир-икки кунда ўтиб кетадиган маросим. Орзу-ҳавас деган нарсани нотўғри тушунадиганлар дабдабали, эл оғзига тушадиган тўй қилиш учун йиллар давомида йиғинади. Тўйдан кейин ҳам ҳаёт давом этади, келин тушган хонадонга ҳам, қиз чиқарган хонадонга ҳам йўқлаб келувчилар кўп бўлади. Ана шундай пайтда «қарзга ботиб қолдик» дея гуноҳкорона бош эгиб ўтириш жуда ҳунук бир ҳолатдир.
Ортиқча дабдабалардан, тўқликка шўхлик қилиш оқибатида ўйлаб топилган маросимлардан тийилайлик, исрофгарчиликка йўл қўйиб, гуноҳга ботманг, азизлар.
Қобилжон АСЛАНОВ,
Боёвут тумани “Абдуҳолиқ Ғиждувоний”
жоме масжиди имом-хатиби