Ислом дини – инсонпарварлик динидир. У инсонларда мужассам бўлган барча инссоний туйғу ва неъматларни улуғлаб, шунга ундайди. Ана шундай неъматлардан бири тинчликдир. Тинчлик – энг олий неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, ҳар бир мўмин-мусулмон кишининг зиммасидаги бурч бўлиши билан бирга Пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Макка шаҳри ҳаққига қилган дуоларида шундай дейилади: “Роббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларга турли мевалардан ризқ қилиб бергин!” (Бақара сураси 126-оят). Ўша вақтларда ҳам Макка шаҳри тинч ва осойишта шаҳарлардан бири эди. Шунга қарамасдан яна шу неъматни сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан бири бўлган экан. Ояти каримада аввал тинчлик сўралиши, сўнгра ризқ сўралиши тинчлик ризқданда муҳимроқ ва улуғроқ неъмат экани маълум бўлади.
Дарҳақиқат, мусулмон кишилар бир-бирлари билан кўришганда “Ассалому алайкум” сизга тинчлик омонлик тилайман деб салом-алик қиладилар. Бундай саломлашиш мусулмон халқидан бошқа ҳеч қайси халқда йўқ. Азал-азалдан Ота-боболаримиз “Хонадонларимиз тинч, мамлакатимиз обод ва осмонимиз мусаффо бўлсин!” деган дуоларни такрор-такрор айтиб келишган ва айтиб келишмоқда. Албатта, инсонларга тинчлик ва осойишталикдан қадрлироқ ва азизроқ неъмат йўқ. Тинчлигини йўқотган юртда ҳаловат, роҳат-фароғат, осойишта ҳаёт, жадал ривожланиш ва гўзал турмуш тарзи издан чиқади. Қанчалар унумдор ерлар, боғу-роғлар бўлмасин уларнинг ҳеч биридан инсон манфаатдор бўла олмайди. Ҳар бир инсон Аллоҳ таолога шукр қилиб, ибодат ва меҳнат қилиши учун албатта тинчлик керак бўлади. Тинчлик – барчамиз истайдиган неъматлардан бири. Зеро, Қуръони каримда унинг неъматлиги ҳақида эслатиб ўтилади: “Мана шу уй (Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! Зеро, У зот уларни очликдан қутқариб тўйдирди ва хавф-хатарлардан хотиржам қилди” (Қурайш сураси 3-4 оят). Тинчликни сақлаш ва уни ушлаб турувчи омиллар борасида муқаддас китобимиз Қуръони каримда Буюк Роббимизнинг сўзи билан бир неча жойларда айтиб ва таъкидлаб ўтилган. “Улар ўзларининг атрофларидаги одамлар қирғинига учраб турган бир пайтда, Биз (Маккани) осойишта ҳарам қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! (Анкабут 67-оят). Бизларга маълумки, тинчлик-осойишталикни бузулишига кўп ҳолларда бандаларнинг Аллоҳ таолонинг амрини унутганлари сабаб бўлган. Шунингдек, тинчликни сақлаш учун ҳар бир инсонни Аллоҳнинг амр ва қайтариқларига “Лаббай” деб жавоб берадиган, амал қиладиган қилиб, тоатига юрадиган қилиб тарбиялаш керак. Шу маънода динимиз ақидасига амал қилиб келса, тинчлик ва хотиржамликни асрашга шунча кўпроқ ҳисса қўшган бўлади. Жиноятларнинг олди олиниб, тотувлик ва осудалик ҳукм суради. Фаровон ҳаёт кечиришимиз, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, жамиятимизда бирдамликнинг мустаҳкамланиши, қавм-қариндошларга, қўни-қўшни ва мискинларга сийлаи раҳмда бўлиш, хотиржам ибодат қилиш учун ҳам тинчлик керак бўлади, албатта.
Ҳар бир инсон учун олий неъмат бўлган тинчлик муҳимлиги ҳақида ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким оилалси тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди. (Имом Бухорий ривояти).
Азизлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларининг эътиборимизда бўлмаган, аслида энг муҳим бўлган уч нарсани таъкидлаб эслатганлар. Тинчлик, саломатлик ва ризқ.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки. Бугун обод ва тинч юртимизда барчамиз тинчлик неъматидан баҳрамандмиз. Аллоҳ таоло бутун дунёни ва Ватанимизни тинчлик-осойишталигини доим барқарор ва бардавом қилсин. Уни кўз қорачиғидек сақлаш ва асраб-авайлаш келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Файзулло ЭШБЕКОВ
Боёвут тумани “Тавба”
жоме масжиди имом-хатиби