Ватан туйғуси олий туйғу

Ватанни онага менгзайдилар. Фарзанд она бағрида ўсиб ўлғайгани сингари минг-минглаб одамлар учун ягона бўлган юрт, Ватан онадек мўътабар ва азиздир. Шу боис она Ватан деймиз, Ватанни онага тенглаймиз.
Бир машҳур ғазалда Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони суюкли ёрга мурожаат қилиб, “кўзим қаросида  мардум каби ватан қилғил” дейди ва Ватан туйғусининг моҳиятини янада теранроқ ифода этади. Яъниким, мардум- фуқаро учун Ватан кўз қорачиғидек азиз. Сен шу азиз маскан-кўзим қорасида абадий яшагин, уни Ватан тутгин, дейилмоқда.
Биз, бугунги озод мамлакат фуқаролари ўз Ватанимизни беҳад севамиз. Унинг шон-шавкатидан қалбимизда ғурур ва ифтихор ҳис этамиз. Бироқ Ватан севгиси деган улуғ тушунча заминида яна бир муқаддас тушунча мавжудки, бу туйғуни англамасдан туриб Ватанни севиб бўлмайди. Бинобарин, Ватанни севиш уни шарафлаш, шарафлай олиш сингари бурч ҳиссини ҳам шакллантиради.
Ватан туйғуси фақат одам боласида эмас, ҳамма жонзотларда ҳам бор. Оддий қалдирғочни олайлик:  баҳорда минглаб чақиримлардан учиб келади, адашмасдан ўз уясини топади. Бошқа кўпгина жониворларда ҳам кузатилади бундай ҳолат. Аммо Аллоҳ таоло одам боласини бошқа жонзотлардан улуғ ва мукаррам этиб яратдики, инсон шунга лойиқ бўлиши керак. Айниқса ватанпарварликда.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтади: “Ватанни севмоқ қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда химоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”. Дарҳақиқат, киши  ўз Ватанидагина эмин-эркин яшай олади. Ўз Ватанидагина ўзини тўкис инсондек ҳис қилади. Шундай экан, инсон Ватани дахлсизлигида, унинг гуллаб-яшнаши, равнақ топишида ўзини бурчли санаши керак. Бу биз учун бобомерос қадриятдир. Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун Ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис туйғудир.
Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она-Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат ўйғотади: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум булурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”.
Ҳакимлар айтади: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади. Баъзан ёшлар ёт оқимлар исканжасига тушиб, адашиб қолишмоқда. Ўз туғилиб ўсган она-Ватанига, оиласига хиёнат қилишмоқда. Бундай ёшлар ўз уйи, ота-онаси, киндик қони тўкилган ернинг нималигини англаб етмайдилар ёки англашни ҳоҳламайдилар. Ватанни англамаслик, унга хиёнат қилиш, қўл кўтариш- имоннинг сустлиги, ғоявий ожизлик, худбинлик, нафс ғолиблиги, тарбиясизлик каби иллатлар натижасидир! Аллоҳ ана шундай хатолардан асрасин! Тани жони соғ, ақли бутун инсон ота-онасини, Ватанини ҳар қандай шароитда бошига кўтаради. Бу бизга улуғ аждодларимиздан қолган мерос!

Дўстларим ҳар қайда бўлинг саломат,
Омон қайтинг уйга олис макондан,
Тилагим, ҳеч қачон, ҳеч қачон қисмат,
Бизни айирмасин Она Ватандан.

 

Абдурауф ЁРБЕКОВ
Ховос тумани “Абу Ҳанифа”
 жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan