Миссионерликнинг зарарли оқибатлари

Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало, ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу сўз лотин тилидаги «mission» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса «вазифани бажарувчи» деган маъноларни англатади.
Миссионерлик белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради. Турли луғат ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар атрофлича тавсифланган. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган «World Book» (Жаҳон китоби) энциклопедиясида «Миссионер – бирор диний томондан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган киши» деган фикр қайд этилган.
Умуман олганда, турли луғат ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: Миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ хавотирга солаётган миссионерлик ҳаракати кундан кунга тарқала бориб, халқлар ўртасидаги тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига таҳдид солмоқда.
Маълум бир мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиш замонавий миссионерлик ҳаракатининг энг муҳим жиҳати ҳисобланади.
Шунингдек, эркин тарғибот олиб бориш ва фаолият доирасини кенгайтириш мақсадида кўпгина миссионерлик ташкилотлари юқорида айтилгандек, ўз ҳаракатларини халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида амалга оширишга интилаётганлигини ҳам қайд этиш лозим. Бундай интилиш ортида ўзига хос мантиқ бор, албатта. Тажриба бундай мақом миссионерлик фаолияти ҳақли эътирозларни келтириб чиқарганда уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини рўкач қилишга ва унинг ҳимоя механизмларидан фойдаланишга уринишларига, ўз ҳаракатларини хаспўшлашга ва жавобгарликдан қочишга интилишларига замин яратишини кўрсатади.
Юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, замонавий миссионерликни белгиланган мақсадларининг моҳиятидан келиб чиқиб, шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтириш орқали уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш ва шу йўл билан уларнинг молиявий имкониятларини яхшилаш ва кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайдилар. Замонавий секталарнинг мутлоқ кўпчилигини шу гуруҳга китириш мумкин. Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида муайян ҳудудларга нисбатан ўзининг аниқ геосиёсий режаларга эга бўлган давлатлар ва ва сиёсий кучлар туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Ўз моҳиятига кўра, миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланган прозелитизм тўғридан-тўғри бирор бир динга ишонган фуқаронинг ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатдир.
Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Маййитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишини истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низо ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чикишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.

 

 

Кенжабой УРМАМАТОВ
Сардоба тумани «Имоми Аъзам»
жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan