Самарқандда Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро конференция хақида

        Кейинги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолиятини, улардан мерос қолган асарларни ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли Имом Мотуридий ва унинг Мотуридия таълимоти ҳам кенг тадқиқ этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мисрнинг ал-Аҳзар мажмуаси ҳамкорлигида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида халқаро конференция ташкил этилганлиги бу ишларнинг амалий ифодаси бўлди.
       Мазкур конференция Мотуридия таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб берди ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби ишлар қамровини янада кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшди. Анжуманда дунёдаги йирик исломшунос олимлар, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, юртимиздаги дин уламолари ва имом хатибларнинг иштироки анжуманнинг нуфузини янада оширди. Анжуман қатнашчилари Мотуридия таълимотининг асоси ва унинг бугунги кун учун аҳамияти, аллома асарларини ўрганишнинг ҳолати ва олдимизда турган вазифалар ҳақида фикрлашиб олишди. Бу йил аллома таваллудига 1150 йил тўлиши муносабати билан Имом Абу Мансур Мотуридийнинг турли йилларда нашр этилган асарлари ва қўлёзмалари тақдимотлари ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда асрий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, хусусан, эзгулик ва яхшиликка асосланган ислом динининг асл моҳиятини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
     Ислом дини ривожида беқиёс ўрин эгаллайдиган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманда муҳокама этиладиган масалалар исломнинг асл моҳиятини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, алломанинг асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида урғу берилди.
  Конференцияда Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида буюк алломаларимизнинг диний-маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга ихтисослашган илмий тадқиқот марказларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятларини соғлом англаш ва уларга садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро миқёсдаги ҳамкорлик ва мулоқотларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг таъсис этилгани иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Бу каби конференциялар ва семинарларни муайян даврийлик асосида мунтазам ўтказиб туриш зарурдир.

Хабибуллоҳ Зокиров 
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *