Сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларда имомларга нисбатан ҳар-хил бўҳтон, туҳмат билиб-билмай кофирга чиқариш, оиласига таҳдид қилиш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Шу ўринда динимизда мусулмон одамни кофир дейиш жоизми деган савол туғилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик, Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар».(Абу Довуд ривояти). Бу ҳадиси шарифда уч муҳим масаланинг баёни қилмоқдалар.
- “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деган кимсага тегмаслик. Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзини мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Тилида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинади.
- «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз». Яъни, бир одам “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтди, зоҳирида мусулмон бўлди, энди у одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий, яъни гуноҳкор мўмин бўлади, кофир бўлмайди.
- “Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”. Яъни, калимани айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом динидан чиқариб юборилмайди. Бундай инсонларга амалига яраша шариатга мувофиқ жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Динимизнинг умумий қоидаси шу. Шундай экан, бировни кофирга чиқаришга ҳеч шошилмаслик лозим. Аллоҳ таолога ширк келтирмаган экан, бировни кофир дейиш мумкин эмас. зеро Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкинлигини Ўзи Қуръонда баён қилган.
Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади”, деганлар. Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бир инсонни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ҳақида ўйлаш керак бўлади.
“Ал-Баҳрур-Роиқ” номли машҳур китобнинг муаллифи Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳи: “Агар кишини бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далили бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиши керак” деган.
Демак, куфр гапни айтиб турган одамга шундай муносабат бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариш мутлақо шариатимизга зиддир.
Муроджон Мирсоатов
Сирдарё туманидаги «Аҳмад Яссавий»
жоме масжиди имом-хатиби