УЙДА ҚОЛИНГ!

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони кундан кунга кўпайиб, ўз худудини кенгайтириб бораётгани ер юзидаги барча инсонларни ташвишга солмоқда. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган қудратли мамалакатлардан тортиб, аҳолиси кам бўлган кичик давлатлар ҳам бу касалликка қарши кескин курашмоқда. Афсуски, бу вабо инсониятни миллати, ирқи, яшаётган ҳудудига қарамасдан тарқалмоқда. Айрим минтақаларда дори-дармонлар, кундалик истеъмол маҳсулотлари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлмоқда. Бу вазиятда мусулмон одам ўзини қандай тутиши керак. Динимизда бунга доир етарлича кўрсатмалар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вабо бало ёки азобдир. Уни Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга юборилган эди. Қачон унинг бирор ерда пайдо бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз. Агар у сиз турган ерда воқеъ бўлса, ундан қочиб у ердан чиқмангиз», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган

Ҳадиси шарифда хасталик пайдо бўлганда мусулмонлар жамоаси у ерга бормаслиги, агар хасталик тарқалган худудда бўлса у ердан чиқмасликка буюрилмоқда. Чунки у ерга борсангиз ўша хасталикка чалинишингиз эҳтимоли бор. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, бирор корҳол бўлиб қолса, келмасам бўлар экан, деб юрасиз. Ўз навбатида сизнинг у ердан қочиб чиқишингиз мазкур хасталикни бошқа ерларга тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Бу Ислом томонидан бир минг беш юз йил аввал жорий қилинган карантин чорасидир.

Афсуслар бўлсин, хозирги кунда бу балони жиддий қабул қилмаётганлар учраяпти. Тўғри, тушкунликка, ваҳимага тушиш керак эмас, лекин бу эҳтиёт чораларини кўрмасдан ўзини жар ёқасига ташлаш керак дегани ҳам эмас. Вабо тарқалганда тиббиёт мутахассислари нимани тавсия этаётган бўлса, шунга амал қилиш, эҳтиёт чораларини кўриш шариат томонидан ҳам қўллаб қувватланади. Ҳозирги ҳолатда юзга ниқоб тақиб юриш, заруратсиз уйдан чиқмаслик, мабодо кўчага чиқиб келса, қўлларни ва юзларни ювиш, жамоат жойларидан узоқроқ бўлиш айни шариатга амал қилиш ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам агар акса урсалар, оғизларига қўлларини ёки кийимларининг бир учини қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар ёки беркитардилар”.

(Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биз мусулмонларга бошқаларга касалликни тарқатмаслик таълимини берган эдилар. Орадан 14 аср ўтиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус касаллигининг вируси ўтиб қолмаслиги учун йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни қандай ёпиш кераклигини бизга ўргата бошлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади».

Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида ривоят қилганлар.

Бу ҳадисдаги ваъда қилинган шаҳиднинг ажричалик савоб шу кунларда уйида ўтириб сабр қилган, ваҳима қўзғамаган вабонинг тарқалмаслигига ўз хиссасини қўшган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир.

Аллоҳ таоло бу балони инсониятдан Ўзи кўтарсин. Барчамизни Ўз ҳифзида сақласин. Касалларимизга мукаммал шифо берсин!

 

Абдурауф ЁРБЕКОВ
ЎМИнинг Сирдарё вилоятидаги
вакили ўринбосари

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *