“Сиз бизга кераксиз!” мавзусида навбатдаги маърифий тадбир ўтказилди.

Сирдарёда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан “Сиз бизга кераксиз!” мавзусида навбатдаги маърифий тадбир ўтказилди. Бугун 2019 йилнинг 5 декабрь куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида 30 дан зиёд эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан “Сиз бизга кераксиз!” мавзусида суҳбат ўтказилди ва сурдо таржима олиб борилди. Тадбирда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари И.Муминов, Сирдарё вилояти ҳокимлиги котибият мудири Р.Назиркулов ҳамда ЎМИ вилоят вакиллиги ходимлари иштирок этишди. Тадбирда маърузачилар томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямаслик алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу диний-маънавий тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди. Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари И.Муминов ўз сўзида имконияти чекланган бўлсада ишлаш ниятида бўлаётган ушбу юртдошларимизга ташаккур айтди. Тадбир сўнгида эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган ҳамюртларимизнинг озгина бўлсада кўнгилларини кўтариш мақсадида уларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан меҳр-мурувват ҳадялари тарқатилди.

Мазкур тадбирларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, қалби ўксик юртдошларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар. Мазкур диний-маърифий тадбир кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Хусусан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар кўрсатилган бундай эҳтиром ва эътибордан миннатдор бўлиб, эзгу тилаклар, дуои-хайрлар қилдилар.

 

ЎМИнинг Сирдарё вилояти
вакиллиги матбуот хизмати

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.