“ОДАМ САВДОСИ – МУДҲИШ ЖИНОЯТ”

Барчамизга маълумки, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жуда кўплаб жиноятлар фош бўлмоқда. “Бундай жирканч иллатнинг илдизи қаерда?” деган савол бутун дунёни ўйлантирмоқда.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Исро, 70).

Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 2 млн. 700 минг нафарга яқин киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Аллоҳ таоло яратган  махлуқотлар ичида мукаррами ва улуғи бўлган инсонни айрим шайтон қулига айланган кимсалар тап тортмай буюм сингари сотмоқда, аёвсиз ишлатмоқда, хорламоқда. Баъзан ёвузларча ўлдириб юборишяпти. Алдов йўли билан катта ваъдаларни бериб чет давлатларга олиб кетилган аёллар қисмати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Норасида болалар ва ёшлар тақдири… Бундай аянчли ҳолатлар қалбимизни яралаши табиий.

Инсон ҳуқуқи, эркини чеклаш, ҳатто унинг ҳаётига зомин бўлувчи бу иллат замирида чиркин бойлик орттиришдек мудҳиш мақсад яширинган. Шунинг учун ҳам ҳар йили миллионлаб одамлар бу иллат домига тушиб қолаётир. Одамфурушлар асосан алдов, зўравонлик йўли билан ёшлар ва аёлларни ўз гирдобига тортмоқда.

Разил, имони йўқ, гиёҳванд моддалар ва одам савдосининг ортидан келаётган ҳаром маблағлар эвазига фаолият юритаётган кимсаларнинг хуружи юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги, фарзандларимизнинг келажагига қаратилган тажовуздан ўзга нарса эмас. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида гиёҳвандлик офати инсон жони ва ақлини ўз вазифасини адо этишдан маҳрум қилиб, ҳаётга эндигина  қадам ташлаб бораётган азиз фарзандларимизнинг ногирон бўлиб қолишларига олиб келмоқда.  Ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги тўғрисида қайғурмайдиган кимсалардан бепарво бўлмаслигимиз керак.  Ҳар доим бу террор ҳуружидан ким фойда кўради, у қандай вазифаларни бажаради, буюртмачи ким, бундай амалиётларнинг инфратузулмалари ортида кимлар турибди деб савол бериб кўриш лозим.

Буни амалга оширганлар истаган одам ёки гуруҳ бўлиб чиқиши мумкин. Амалга оширганлар ўзларининг кимларнинг қўлида қай мақсадда ўйинчоқ бўлиб қолганини билмаган бўлишлари ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бор-у, тушуна олмаслар. Кўзлари бор-у, кўра олмаслар. Қулоқлари бор-у, эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар. (Аъроф, 179).

Одам савдосига қарши курашиш бўйича юртимизда адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари доим ҳуқуқий тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Одам савдоси нафақат бир мамлакат, балки дунё миқёсида ҳал қилинадиган долзарб муаммо. Уни бартараф этиш учун ҳамжиҳат бўлайлик. Акамиз ёки укамиз, қариндошимиз ёки қўшнимиз, опамиз ёки синглимиз  алдовлар, қуруқ  ваъдалар қурбонига айланмасин. Ҳар вақт огоҳ бўлайлик.

Охунжон ВАСИЕВ
Сайхунобод тумани бош имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *