Неъматлар қадрига етайлик!

Дунё, бутун борлиқ, теварак-атрофга боқиб, теран фикр юритилса Буюк яратувчи Аллоҳ таолонинг ниҳоятда мўъжизавий ҳикматлари кўплигини англаймиз. Аллоҳнинг биз бандаларига берган неъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Ана шу неъматларнинг энг азизларидан бири — ҳаёт манбаи бўлган сувдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 45-ояти шундай дейди: “Аллоҳ барча жониворларни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам, тўрт (оёқ)да юрадиганлари ҳам, икки (оёқ)да юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир!”. Инсоннинг борлиғи ҳам, тириклиги ҳам сув биландир.

Энг азиз неъматлардан яна бири бу – Нондир. Нон тўкинлик тимсоли, тириклик манбаи. Тирик инсоннинг ҳаётда яшаши учун ҳаво, сув каби нон ҳам керак. Бу бор ҳақиқат. Бугунги фаровон даврда ҳам оиламизни нонсиз тасаввур қилолмаймиз. Меҳмон келса, аввало, дастурхонга нон қўямиз.

Халқимизда нон азалдан қадрланган. Янги туғилган чақалоқнинг ёстиғи остига нон қўйишган. Кексаларимиз кўча-кўйда ташлаб кетилган нон бўлагини кўриб қолса, қўлга олиб, аввал ўпиб сўнг пешонасига сурганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Нонни увол қилиш оғир гуноҳ ҳисобланган. Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ёшларнинг фотиҳа тўйларида қўш нон синдиради.

Аллоҳ дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунинг шукронаси сифатида неъматларни исроф қилмаслик талаб қилинади.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳнинг неъматларини қадрлаган миллатни Аллоҳ эъзозлайди. Парвардигор инсонларнинг мўътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган барча моддий бойликларни яратиб қўйган. Буларнинг барчасини ва она табиатни муҳофаза этиш – Ислом динининг таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизни озода, ичимлик сувларимизни беғубор тутишга, ўзимизни эса покиза юришимизга буюради.

Кенжабек УРМАМАТОВ
Сардоба тумани «Имоми Аъзам»
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *