Бизларга ҳаёт неъматини бериб шундай кунларга етказган Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаламга дуруду саловотлар бўлсин.
Мана кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтиб чор атрофни қор қоплаган, кумуш қиш кунларига етиб келдик. Табиат гўзаллиги инсонни шукр қилишга ундайди. Чунки шундай совуқ кунларда биз уйимиз ичида иссиқ маконда тинч ҳотиржам ҳаёт кечирмоқдамиз. Биз ўзи бу кунларни шукрини адо эта олаябмизми? Ҳар кунги кечираётган кунимиз гўёки табиий ҳолда ўтмоқда, аммо чуқур ва теран ўйлаб қарасак, бу неъматларга лойиқ иботдат ва ҳаракат қила олаябмизми? Биз бу саволни ҳар соатда ўзимизга тинмай берсак, ўзимизни унитишликдан асраймиз.
Биз Аллоҳ таолонинг бандаси эканлигимизни ва доим бизга берилган неъматларнинг шукронасини қилишимиз лозимлигини унутмаслигимиз даркор. Зеро ҳар қанча шукрона қилсак Аллоҳ таоло ризқимизни зиёда қилишини, умримизни баракали қилишни кўп бора биз бандаларга марҳамат қилинган.
Қуръони Каримнинг Иброҳим сурасининг 7-оятида Аллоҳ таоло бандаларига: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, азобим шиддатлидир” дея хитоб қилган.
Шундай экан ҳозирги кунимизни шукронасини доим қилиб юришимиз ва ўз ризқимизни ҳалолдан топишимиз учун касби-коримизни ривожлантиришимиз даркор. Шунда Аллоҳ таоло биздан рози бўлади ва касби-коримизга баракаларни ато этади. Барчамизни Аллоҳ таоло ўз паноҳида асрасин.
Ўктам ДАВЛАТОВ
Гулистон тумани “Ҳазрати Умар”
масжиди имом-хатиби