Ҳозирги кунда мафкуравий-ғоявий жиҳатдан диний асосга таянадиган турли инқилобий ҳаракатлар дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида митинг, иш ташлаш, намойиш, йиғин, исёнлар ва аҳолининг турли табақалари жамият билан ҳокимият ўртасида ҳарбий қуролли тўқнашувлар тусида амалга оширилмоқда. Шахс ва жамият, диний маслак ўрни тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўлмаган ёш йигит-қизлар кўпинча ана шундай инқилобий тўс-тўполонлар ғилдирагини айлантиришга кўмаклашмоқда.
Бузғунчи ғояларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётган ижтимоий тармоқлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Айниқса, ёшларнинг кўпи “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Мой мир”, “Twitter” кабилардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.
Ўтган йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ривожланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда улар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди. Интернет саҳифаларидаги айрим ҳаё, одоб-ахлоқ, андиша каби миллий урф-одатларимизга хилоф мазмундаги нарсалар оила тинчлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлигига ҳамда фарзандларимиз тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, оилада ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар.
Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни хифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин.
Иномхон ЮСУПОВ
Боёвут тумани “Ҳазрати Билол”
жоме масжиди имом-хатиби