Исломда саломатликка эътибор

Инсон саломатлигини сақлаш ҳар бир жамиятда доимо долзарб масала ҳисобланади. Муқаддас динимизда  инсон саломатлигига катта аҳамият қаратилган. Ислом фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларига ҳам аҳамият қаратган.

Ислом шариати бандаларнинг беш муҳим заруратлари, яъни дини, жони, насли, моли ва ақлини сақлаш мақсадида жорий қилинган. Бироз фикр юритилса, ушбу заруратларнинг учтаси: жонни, наслни, ақлни асраш айнан саломатлик билан боғлиқлиги ойдинлашади. Зеро, Ислом саломатликни асрашни тананинг ҳаққи деб қарайди.

Бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги, иккинчи ўринда соғлик-саломатлик  турар экан. Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, банда унинг учун шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Балки динимиз соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади. Бу борада динимизда бадантарбияга, покликка риоя қилиш, соғлиққа зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш, жисмни толиқтиришдан қайтариш, соғлиқни сақлаш мақсадида енгиллик ва рухсатлар берилиши каби бир қатор муҳим ишлар йўлга қўйилган.

Имом Бухорий Ҳазрати Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон оилада фарзанд туғилса, ўғил ёки қизлигини сўрамас эдилар. Балки: “Соғломми?” деб сўрар, “ҳа” дейишса, “Оламларнинг Роббиси Аллоҳга шукр”, дейишлари таъкидланган.

  • Болаларимизни Аллоҳ таоло имонли, инсофли қилсин!
  • Ўғил қизларимиз Худо ёрлақаган бандалар қаторида бўлсин!
  • Ёмон йўлдошдан, ёмон назар, ёмон сўзлардан асрасин!

Бу сўзлар ҳар куни Худога қўл кўтарганимизда, йўлга чиқиш олдидан, оғир-енгил пайтларда айтиладиган истак-илтижоларимиз.

Демак, соғлом бола тарбиясини нимадан бошласак экан, деб ўйланишимизга ҳожат йўқ. Чунки ота-боболаримизнинг бу борадаги тутган йўриқлари катта ўрнак. Уларнинг фарзанд тарбиясида қўллаган услубларида одоб-ахлоқ, маънавий, жисмоний тарбия – ҳаммаси уйғун ҳолда шаклланиб, сайқалланиб, мукаммал ҳолатга келган.

Биргина миллий курашимизни олайлик. Боболаримиз ўғил болаларнинг суяги қотганидан бошлаб давраларда кураш туширишган. Кураш фақат жисмоний жиҳатдан чиниқтириб қолмай, балки уларга ҳалоллик, мардлик, тан бериш, ор-номус каби ҳамият билан боғлиқ фазилатларни ўргатган.

Албатта, бугун вазият кечагидек эмас. Дарвозалар очиқ, майдонлар кенг. Олдинлари ўсаётган йигит-қизни асраш лозим бўлган бир-икки ёмон нарса бўлган, бугун уларнинг сони ҳам, номи ҳам кўп. Гиёҳвандлик, ОИТС, одам савдоси, ичкиликбозлик, турли зарали одатлар… Бу балоларга сира парвосиз қараб бўлмайди.

Аллоҳ барчамизга кенгфел, мустаҳкам иймон, тан-сиҳатлик ва дили беғамлик ато айласин!

Абдулло АЗИЗУЛЛАЕВ,
Гулистон тумани “Ҳожиобод”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan