ЁШЛАР ОНГИНИ ЗАҲАРЛОВЧИ ОМИЛЛАР

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, уларнинг Ватан истиқболини ўз қўлига ола биладиган муносиб ворислар бўлиши учун барча имкониятлар яратилиб келинмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган мухташам таълим муассасалари, спорт иншоотлари ва бошқа яратилаётган имкониятларнинг барчаси ёшларимизнинг жисмонан соғлом, маънавий юксак бўлиб камол топишига қаратилган. Бунга жавобан ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳам оз эмас. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Улар биринчи навбатда ёшларни ўз домига тортишга қаратилган.

Хозирги глобаллашув шароитида дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар онгини ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризм иллатларининг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш лозим.

Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.

Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан, информацион воситаларининг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли телефон, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келиши. Бу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” кўп ҳолларда ёшларимизни ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан узоқлаштириб қўймоқда, ўз тарихий илдизларидан узоқлашувига олиб келмоқда.

Иккинчидан, “оммавий маданият” турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Булар асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Ёт маданият қадриятларини ўзида ифода этаётган “оммавий маданият” ёшларимизда индивидуализм, эгоцентризм,  андишасизлик, беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона идеалларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларимизнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компьютер ўйинлари олдида вақтини ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш, одат тусига кириб бормоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Мамлакатимизда “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси асосида “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги – муҳим вазифамиздир” ҳамда “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” «Жаҳолатга қарши маърифат” каби мавзуларида тадбирлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилиб келинмоқда. Шу ишларни фаол аъзоси сифатида айтишим мумкинки, бу каби тадбирлар юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ва аёллар онгини заҳарлашга уринаётган кучларга алданмаслик учун ғоявий иммунитетни ошириш ва огоҳ бўлишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Муҳаммад ҒОИБОВ
Сайхунобод тумани Мулла Негмурод
 жоме масжиди имомхатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.