Экстремизм ва ёт маданият тараққиёт кушандаси.

Ислом дини тинчлик, омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ҳам Ас-Салом яни тинчлик, омонликдир. Пайғамбар (а.с) “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” деб тинчлик хотиржамликнинг катта неъмат эканлигини билдириб ўтганлар. Дарҳақиқат, тинчликнинг нақадар катта неъмат эканини шунда кўриш мумкинки тинчлик қарор топган юртда фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалиб, ривожланиб ҳаёт фаровонлашиб бораверади. Нотинч мамлакатларда эса бир ташвиш – у ҳам бўлса жонни асраш бўлади холос, бошқа ҳар қанча гап ортиқча. Тинчликнинг жамият ҳаётида нечоғли аҳамият касб этишини кўпдан бери нотинч бўлиб турган Сурия, Ироқ, Афғонистонга ўхшаш мамлакатлар ҳаёти билан қиёсласак янада ёрқинроқ тасаввур ҳосил бўлади.

Бугунги кунда тайинли илми бўлмаган, мутлақо Исломга алоқаси бўлмай ундан фақат бойлик орттириш мақсадида ниқоб сифатида фойдаланаётганларнинг қўлида қўғирчоқ бўлган бир гуруҳ чаласавод экстремист гуруҳлар мамлакатлар тинчлигига, тараққиётига юқорида санаб ўтилган жуда кўп яхшиликларнинг йўққа чиқишига сабаб бўлмоқдалар. Бу кимсалар Қуръон таъбири билан айтганда кўзи очиқ кўр, қулоғи бор кар ва қалби занг босган кимсалардир. Аъроф сураси 179 – оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бор-у, тушуна олмаслар. Кўзлари бор-у, кўра олмаслар. Қулоқлари бор-у, эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар”.

Мутаассиб экстремистларнинг хоссатан ИШИД қонхўрларининг кўрликлари шундан маълумки дунё уламолари бир бўлиб уларнинг ҳатти – ҳаракатлари ҳар томонлама мутлоқ асоссиз, нотўғри, ҳаттоки уларнинг улар ўзларини Исломга нисбат бермасликлари кераклигани бот-бот уқтирсаларда лекин ўз билганидан қолмадилар ва уларга ўзларига ўхшаган ахмоқларгина эргашадилар холос.

Ҳозирги глобаллашув даврида Европа мамлакатларидан кириб келаётган, мустаҳкам асосга эга диний ва миллий урф-одатларимиз ўрнини эгаллаб қўяётган, “оммавий маданият” ниқоби остидаги ахлоқсизлик ва маданиятсизлик ҳам катта бир офат бўлди.

Ибн Умар (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” деганлар. (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний ва Баззор ривояти).

Оммавий маданиятлар таъсирига тушиб қолаётганлар ҳам юқоридаги кимсалар каби диний ва дунёвий жиҳатдан мустаҳкам илмга ва фикрга эга бўлмаган кишилардир. Биз мўминларнинг ҳар бир иш, ҳар бир ҳатти-ҳаракатимиз учун Қуръони Карим, суннати набавийя ҳамда улар асосидаги уламоларимиз фатволари асос ва қолип бўлиши шарт. Бизнинг шундай муқаддас асосу қолипларимизга тўғри келмайдиган ҳар қандай маданият биз учун маданиятсизлик бўлиши керак. Оммавий маданиятнинг ахлоқсизликларига эргашиш халқимизни, юртимиз аҳолисининг асосий қисми бўлган ёшларимизнинг ўзлигини йўқотишига ва юрт келажаги барбод бўлишига олиб келади.

Ўктам УБАЙДУЛЛАЕВ
 Мирзаобод туман “Олтин Ўрда”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.