Муқаддас ислом динимиз бизни дину диёнатли, одобу ахлоқли ва инсофли бўлишимизга даъват қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар: “Аллоҳ бандаларнинг ўртасида молу дунёни бўлиб берганидек, дину диёнатни, одобу ахлоқни ҳам бўлиб берган. Аллоҳ молу дунёни яхши кўрган бандасига ва яхши курмайдиган бандасига ҳам бераверади. Аммо дину диёнатни ва одобу ахлоқни фақат яхши кўрган бандасига беради. Бас, кимга Аллоҳ дину диёнатни ва одобу ахлоқни берган бўлса уни Аллоҳ яхши кўради”.
Динимиз асоси гўзал хулқ ва ибратли ахлоқдир. Хулқ сўзи инсоннинг феъл-атвори, фазилатли хислати ва одоби маъноларни билдиради. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) динимиз нима деб сўрашганда: “Динимиз ахлоқ динидир”, деб жавоб берган эканлар. Динимиз эзгулик динидир. Бас, қайси бир киши гўзал ва кўркам ахлоқ эгаси бўлса ундан фақат эзгулик ва яхшилик кутилади. Чунки маънавияти юксак ва қалби тоза пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин ) ўзлари улуғ ахлоқ эгаси бўлганлар. Аллоҳ буни ўз каломида баён этган: “ Ва албатта, Сен буюк хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят). Бу оятда Аллоҳ Расулуллоҳга (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатлади, бу пайғамбар (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) учун катта баҳодир. Оиша онамиздан пайғамбаримиз хулқлари тўғрисида сўрашганда: “ Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) ўзлари: “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деб марҳамат қилганлар. Ҳамда у зот “Инсон яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар мартабасига етади”, деганлар.
Умуман олганда мазкур оят ва ҳадислардан ислом динида одоб-ахлоқ, яхши хулққа катта эътибор берилган. У зотга уммат бўлган ҳар бир мусулмон пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқланиши лозим.
Одам боласи Аллоҳ ҳузурида сурати билан эмас сирати билан. Яъни ички дунёси, маънавияти билан баҳоланади. Ота-она, устоз ва мураббийлар қолаверса ҳар бир тарбиячи энг аввало ўзи гўзал хулқли бўлиши лозим. Чунки ривоятларда келишича тарбия берувчи қандоқ бўлса, тарбия олувчи шундоқ бўлади. Айрим инсонлар боласини тарбия бераётганда ёки бошқа киши билан мулоқотда бўлганларида ёмон сўзлар (сўкиш) билан гапирадилар. Ёмон сўзга (сўкиш) одат қилган киши бадахлоқ одамга айланади. Ҳадиси шарифларда сўкиш гуноҳ эканлиги айтилган, ҳамда икки кишидан бири иккинчисига ёмон сўз (сўкиш) айтса маънавий жиноят қилган бўлади ва орадаги Аллоҳ томонидан тутилган пардани бўзган бўлади, натижада гуноҳкор бўлиб хулқсиз инсонга айланади. Яхши хулқ эгалари, масалан устоз ва мураббийлар шогирдларига тарбия бераётганда, оилада эса ота-оналар ўғил ва қизларига тарбия бераётганда уларни ёмон сўз (сўкиш) айтмасдан, урмасдан ва бақирмасдан тарбия берадилар. Демак, ҳар бир мураббий ва устоз киши гўзал ахлоқли бўлса, ёш авлодга берган насиҳатлари самара беради. Шунда жамиятимизга фойдаси тегадиган, одобу ахлоқли ёш авлод вояга етади. Бундан ташқари яхши хулқли инсон ота-онаси ва аҳлу аёлини ҳурмат қилади ва маҳалладаги маҳалладошлари, корхонасидаги ишчилари билан суҳбат қилганда гўзал ахлоқда бўлади.
Пайғамбаримиз ҳаётли даврларида ҳеч кимга озор бермаганлар. Имом Аҳмад Оиша онамиздан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз қўл остидаги хизматчини ва хотинларни ҳеч қачон урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаш тўғри келса, гуноҳ бўлмаса осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар, ўзлари учун уч олмаганлар… ”.
Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ( Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинган ҳадисда эса Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) “Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди”, деганлар.
Юқорида келтирилган хадислардан хулоса қилиб, гўзал одоб-ахлоқ билан ўзимизни безаш, бир-биримизга меҳру оқибатли бўлиш, одоб-ахлоқда пайғамбаримизга муносиб уммат бўлиш ҳар биримизга насиб бўлишини тилаймиз. Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй яратгувчим, менинг хилқатимни ( суратимни) гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб сўраган дуоларни ўзимизга одат қилиб олайлик.
Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби