САЛАФИЙЛИК ОҚИМИ ВА ТАЪЛИМОТИ

         Мустақилликнинг илк даврларидаги мавжуд мафкуравий бўшлиқни тўлдириш мақсадида четдан турли ёт мафкура ва ғоя тарафдорлари ўз тарғиботи билан кириб кела бошлади. Натижада турли оқим ва йўналишларга эргашиш холати юз бера бошлади. Бундай вазиятни вужудга келишида “салафийлик” таълимоти ва оқими вакилларининг таъсири бўлди. 
         Салаф сўзи араб тилида “ўтмишдош”, “аввалда ўтган” деган маъноларни англатади. Уламолар илк мусулмон жамоаси ҳисобланган “ас-салаф ас-солиҳун”, яъни солиҳ аждодларнинг эътиқоди ва турмуш тарзига риоя қилишга даъват этиб келганлар. Кейинги даврда рўй берган барча янгиликлар, жумладан, Қуръони кариймни мажозий талқин этиш, мусулмон оламининнг Ғарб билан алоқаси натижасида юзага келган ўзгаришларни бидъат деб эълон қилган мутаассиб дин арбобларининг умумий номи салафийлардир. Мазкур термин кўпинча ислоҳ (реформа) ва тажаддуд (янгиланиш) каби сўзларнинг акси сифатида қўлланиб, ислом дунёқарашининг асосий фундаментал тушунчаларини ташкил этади. Аммо мазкур оқим ислом динида, шариатда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларни ислоҳ қилиш, янгилашни мақсад қилиб олганини даъво қилади.
         Салафийлик ёки салафия фақат салафга эргашамиз, деган шиор остида салаф мазҳабига эргашишга тарғибот олиб борадилар ва ўз тарафдорларини кўпайтирмоқчи бўлишади. Шу ўринда салаф ўзи ким, салафлар деганда кимлар назарда тутилади, деган ҳақли савол туғилади.
        Маълумки, ҳадиси шарифда “Энг яхши замон бу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам замонлари, сўнг ундан кейинги икки замондир” дейилган. Демак, ҳижрий йил бўйича,  уч давр илк уч асрни қамраб олиб, шу даврларда яшаган саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлар ҳақиқий салафи солиҳлар ҳисобланади. Кейинги асрларда барча ислом уламолари салафларга эргашишга чақирганлар. Бунга сабаб шуки, салафлар орасида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита ҳадис эшитган инсонлар мавжуд бўлиб, улар бўлаётган воқеликка айнан гувоҳ бўлганлар. Улар Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлган ваҳий ҳусусида энг биринчи хабардор бўлганлар. Иккинчидан, “салафлар” билан “салафийлик” атамалари бошқа-бошқа мазмунни англатади. Мовароуннаҳрда салафларнинг қарашлари ва фикрлари нодир манбааларда “мазҳаб” маъносида зикр қилинган. Шу сабабли салаф мазҳаби деган ибора пайдо бўлган. Мазкур ибора барча уламолар томонидан қабул қилинган.
         Салафийлик йўналиши янги ном бўлиб, бу кейинчалик пайдо бўлган йўналишдир. Ушбу йўналиш тарафдорлари салафга эргашамиз, деган шиор остида тўғри йўлда юрганликларини, одамларни салаф мазҳабига эргашишга тарғиб қилишларини рўкач қилиб, ўзларини оқламоқчи ва тарафдорларини кўпайтирмоқчи бўладилар.
         Салафийлар шариат аҳкомларини ва эътиқод масалаларини илк уч асрдаги ҳолатга келтиришга урунишади. Салафия диний, маданий, ижтимоий ва сиёсий моҳиятларга эга. Бу сўзнинг “салафийлик” шаклида қўлланиши ХVIII асрга тўғри келади. “Ваҳҳобийлик” оқимининг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам салафийликка тарғиб этгани ҳақидаги маълумотлар манбааларда қайд этилган. Араб қомусий луғатларида “салафийлик “ваҳҳобийлик” нинг бошқа бир номи сифатида тилга олинади. Салафийликда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғоялари илгари сурилади. Аммо “Жамоат ат-такфир” каби экстремистик гуруҳлар салафийлардан ажралиб чиққан адашган фирқалар сифатида эътироф этилади. Эътиборли томони шундаки, ваҳҳобийлик оқими унинг асосчиси номи билан юритилса-да, лекин ваҳҳобийлар ўзларини “салафий” деган ном билан атайдилар.
         Ҳозирги кунда салафийлик араб давлатлари ва бошқа мусулмон давлатларда аҳоли орасида кенг тарқалган йўналишдир. Чунки диний масалаларни тушунтиришдаги услублари содда ва тўғридек таассурот уйғотади. Масалан, ислом динига оид бирор муаммо ечимини очиб беришда фақат оят ёки ҳадисни келтириб, гўё шу билан муаммога жавоб топиб беради. Бу билан Қуръон ва ҳадисдан далил келтириб, муаммога жавоб топаётгандек бўладилар. Бир қараганда бундай услуб омма учун ҳар хил илмий атамалар ва назариялар орқали тушунишдан кўра осонроқ туюлади. Қизиғи шундаки, шу йўл билан бўлса-да, ўз тарафдорларини кўпайтириш ниятида бўладилар. Бундан ташқари, бу оқим вакилларидан аксари воизлик ва нотиқлик маҳоратига эга шахслар бўлиб, одамларни ўзига жалб эта олишни уддалай оладилар. Бу борада улар махсус тайёргаликдан ўтган бўладилар.
         Ҳозирги кунда салафийлар асосан икки гуруҳга бўлинади:  

  1. Радикал салафийлар. Бу гуруҳ асосан агрессив фаолият юрутиб, жамиятни илк ислом давридаги ҳолатга қайтаришни ҳоҳловчи кишилардан иборат. Ўз навбатида бу кайфиятдаги кишиларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли ислом давлатини ташкил қилиш дейдиганлар ҳамда қонунларни ўзгартириш ва шариат аҳкомларини жорий қилиш билан муаммонинг ечимини топиш мумкин дейдиганлар тоифаси. Бу тоифадаги салафийлар ҳар бир муаммонинг жавоби Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда мавжуд, бошқа манбаларга мурожаат қилишга хожат йўқ, деб ҳисоблайдилар. Тарихий ва илмий мазмунга эга бўлган манбаалар ва китобларни ботилга чиқарадилар, шунингдек, яратилган ҳар қандай кашфиётга салбий назар билан қарайдилар. Янада очиқроқ айтадиган бўлсак, ҳар бир даврда яратилган замонавий техникаларни рад қилиш, радио эшитиш, телевизор кўриш, ҳар хил ўйинларни ўйнашни харомга чиқариб, булардан фойдаланган кишиларни кофирликда айблаганлар. Кўринадики, ҳақиқатан улар ҳаддан ошганлар, шу билан бирга, улар шариат ҳукмларига ортиқча урғу берувчи кишилар, десак тўғрироқ бўлади. Афсуски, мамлакатимиз ҳудудида ҳам салафийлик қарашлари ва таълимоти таъсири учраб туради.
  2. Мўътадил салафийлар. Бу гуруҳ ўзларининг қарашларини ёқлаган ҳолда бошқаларнинг фикрларига нисбатан бироз мўътадил мавқеда турадилар. Шунингдек, душман қуролларидан фойдаланиб, ўзига зарба бериш, деган ақидага биноан замонавий радиотехника, асбоб-ускуна, комьпютер ва телефон аппаратларидан фойдаланишни ман этмайдилар. Энг ачинарлиси, улар муайян бир мазҳабга мансуб бўлишни ёқтиришмайди. Мўътадил салафийларнинг радикал салафийлардан фарқи шундаки, радикалларга ўхшаб тўсатдан ва тез хужум қилишни эмас, балки аста-секин вазиятни кузатиб, пинҳона хужум қилиш йўлини тутадилар. Тарихшуносларнинг аниқлашларича, араб давлатларида ўтган асрнинг 70-йилларига келиб бу оқим таъсирида исломий ҳаракат ва гуруҳланишлар пайдо бўлган. Ҳозирга қадар улар ўз фаолиятларини тўхтатган эмас.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳозир дунё миқёсида диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши жиддий кураш олиб борилаётган бир вақтда, юртимизда диний оқимларга қарши кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилаётганлиги айни муддаодир. Салафийлик мафкурасининг таъсири тинч ва хотиржам яшаётган кишилар онгини ўзига жалб қилиб, тинчлигига раҳна солиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда етишиб келаётган ёш авлодга ана шундай оқимлар ва уларнинг ғоялари асли нимадан иборат эканлиги ҳусусида тез-тез уқтириб боришга ҳозирги куннинг долзарб масаласи сифатида қараш лозим, деб ўйлаймиз.

Алижон ЭРАЛИЕВ
Боёвут тумани “Ҳазрати Хизр”
Масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *