Илим олишлик Исломнинг шиоридир

Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Исломда  илм олиш энг улуғ ибодатлардан хисобланади. Чунки банда илм билан Раббисини танийди ва буйруқларини бажаришга киришади. Ислом дини жаҳолатга қарши илму маърифат билан курашишга чакирган. Бунга Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлган ояти сўзимизнинг далил бўла олади. Ўқиш – илмнинг калитидир.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига ботган эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини Қуръони каримда шундай баён қилган: “Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”, (Оли Имрон сураси, 103-оят). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан нурга олиб чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм хусусида: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган хадисда: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, деб айтганлар”.(Ибн Можа ривоят қилган).

Ислом дини илмни диний ва дунёвийга ажратмаган, илмлар барчаси Аллоҳникидир. Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Масалан, тиб ёки ҳисоб илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди шулар кабидир. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.

Ислом дини илмга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.

Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир. Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади.

қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррардир. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар.

Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деб айтган эканлар. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсон охирати ва дунёсини илм билан обод қилади. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик. Илм олишга боғлиқ одоблар ҳам бор бўлиб, уларни билиш учун шунга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганайлик.

Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик.

Аминжон Исмоилов,
Сирдарё тумани “Янги ҳаёт”
жоме масжид имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *