Бу йил Қурбон ҳайити ўқилмас экан, энди қайси пайт қурбонлик қилишимиз кераклиги ҳақида

Маълум сабабларга кўра Қурбон ҳайити умуман ўқилмайдиган шаҳарлар гўё қишлоқ ва саҳролар ҳукмида бўлиб, бундай жойларда ҳайит куни тонг отгандан кейин қурбонлик қилиш жоиз. Лекин қуёш чиққандан кейин қурбонлик қилиш мустаҳабдир.
Аслида қурбонликнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан бошланади. Фақат шаҳар (яъни, Қурбон ҳайити адо қилинадиган жойлар) аҳли қурбонликларини ҳайит намозидан кейин қилишлари шартдир.
Бизнинг ҳолатимида, яъни, карантин пайтида ҳайит намози ўқилмаслиги ҳақида фатво берилган ва ҳукумат ҳам уч кишидан ортиқ жамоат бир жойда йиғилишини ман қилиб турган бир пайтда, умуман ҳайит намози ўқилишидан умид йўқ. Бундай ҳолатда шаҳарлар ҳам ҳайит ўқилмайдиган (қишлоқ ва саҳро) жойлар ҳукмида бўлади.
“Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилади:
“Бир шаҳарда узилиш содир бўлса, у ерда Қурбон ҳайитини ўқиб берувчи волий (масъул) қолмаса ва одамлар тонг отгандан кейин қурбонлик қилсалар, жоиз бўлади. Мана шу ихтиёр қилинган сўздир. Чунки шаҳар мана бу ҳукм (яъни, қурбонликнинг вақти) борасида саҳро (қишлоқ)га айланди. “Ал-Фатовол кубро” китобида шундай келган. “Ас-Сирожия” китобида: “Фатво ҳам шунга берилган”, – дейилган”.
Мазкур “Раддул муҳтор” ва “Ал-Фатовол ҳиндия” китобларида келтирилган масаланинг бизнинг ҳолатимизга ўхшашлиги ҳайит намозининг ўқилишидан умид йўқлигидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг ҳолатда қурбонликни тонг отгандан кейин қилиш жоиз. Лекин имкон борича бомдоддан кейин қуёш чиққунча зикру тасбеҳга машғул бўлсак ва қуёш бироз кўтарилгач (қуёш чиққанидан 15-20 дақиқадан сўнг), зуҳо намозини адо қилиб, кейин қурбонликларимизни сўйсак, бир нечта суннат ва мустаҳабларни адо қилган бўламиз. Барчамизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!


Мирзаобод тумани бош имоми Бўриев Абдукарим.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *