Ҳозирги яшаётган асримизда техника, илм фан ўта тараққий этган бўлиб, инсоният бир сонияда ер юзининг хохлаган бурчагидаги инсон билан алоқа қилиши мумкин
Бу албатта яхши холат бироқ, биз тўғри фойдаланаётган интернет яъни ижтимоий тармоқдан қайсидир нияти бузуқ кимсалар ўзларининг бузғунчи қора ниятлари йўлида ҳаракат қилмоқдалар.
Бу хавфу хатарлар асосан миссионерлик, террорчилик, ақидапарастлик, олмонча маданият, турли радикал – экстремистик хуружлардир.
Буларнинг барчасини умумлаштириб “эътиқодга таҳдид” деб атаса бўлади. Таҳдид нишони марказида халқнинг онги шаклланмаган ёшлари ва ташқи таъсирга берилувчан қатлами бўлиши билан хатарлидир.
Айнан ўшандай кишилар қалбидаги эътиқодий бўшлиқ бизга дўст бўлмаганларнинг ғаразли мақсадларига хизмат қилгувчи бузуқ ақидалар билан тўлдирилади.
Шу орқали халқ орасига фитна солинади. “Эътиқод”, – “ақида”- ишонч демак. Кишининг ишончини ўзгартирдингизми, ҳаёт тарзи ҳам тубдан ўзгаради, деяверинг.
Энди у ўзи тўғри деб билган , ишонган ана шу ақиданинг чизиқларидан четланмайди. Демак ақида ҳаётимизнинг асоси, пойдевори экан, уни тўғри шакллантиришга интилишимиз керак. Мирзо Бедил : “Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор , Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор”, дейди.
Шунга кўра , ақидамиз бидъат – хурофотлардан холи бўлса , бизни ҳеч ким адаштиролмайди, тинчимизни бузаолмайди ва ўзига қарам қилолмайди.
Шунинг учун ақидавий зиддиятларга сабаб бўлган воқеалар тарихини, уларнинг туб илдизини , асл моҳиятини ўрганиб чиқишимиз керак.
Мусулмонни нафақат кофирликда айблаш, балки уни хақоратлаш нақадар оғир гуноҳ эканлигини билиш;
Душманлар найрангига ишониб ўзини ўзи портлатиш, айримлар даъво қилаётганидек, шаҳидлик эмас, балки ўз жонига қасд қилиш ва бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишдек катта гуноҳларни орқалаб жаҳаннамга тушиш эканини англаш;
Миссионерлар алдовига учиб, арзимаган дунё матоҳини деб иймондек бебаҳо неъматдан кечиш икки дунёдаҳам хор-зорлик келтиришини билиш;
Ҳар хил “ демократия экспортчилари”нинг жозибали чақриқлари усти ялтироқ тузоқдан бошқа нарса эмаслигини , уларга халқ ҳуқуқларидан ўзларининг миллий манфаатлари устун эканлигини англашимиз лозим.
Ёт ғоялардан фақатгина ўзимиз химояланиш билан чекланиб қолмай , одамларга ҳам ҳақиқатни етказиб бориш ҳаммамизнинг вазифамиз бўлиши шарт.
Мирзаобод тумани “ЗИЁ” жомъе
масжиди имом хатиби Ҳабибулло Мубашширов