Муборак ой шукуҳи

Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир.
Муҳаммад ибн Маслама ал Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар», дедилар.
(Тобароний ривояти)
Бандаларга туҳфа қилинган мавсумлардан бири Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳисобланади. Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандоқ ҳам бахтли инсондир. Бундай улуғ кунлар бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади. Инсон дунёда гўёки мусофир кабидир.
Зулҳижжанинг ўн куни дейилганида, бу ойнинг биринчи ўн кунлиги кўзда тутилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунликчалик маҳбуб эмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!» дейишди.
«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Магар бир одам жони ва моли ила чиқса-ю, ундан бирор нарса қайтмаса, бундан мустасно», дедилар».
Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ўн кунчалик, деганлари Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги, деганларидир.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу ҳадисда мазкур кунларда рўза тутиш ҳақида бевосита сўз юритилаётгани йўқ. Балки, солиҳ амал қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Нафл рўза тутиш эса энг солиҳ амаллардан бири ҳисобланади.
Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида кўпроқ солиҳ амал қилишга қаттиқ тарғиб этишдан мурод, ўша кунлари қилинадиган солиҳ амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб солиҳ амал эканлиги сабабидандир. Саҳобаи киромлар бу сўзларни эшитгунларича Аллоҳ учун энг маҳбуб солиҳ амал Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, деб юрганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида қилинган солиҳ амаллар Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддан ҳам афзал эканини тасдиқлаш билан бирга, биргина ҳолат бундан мустасно эканини таъкидладилар. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг йўлида ўз моли ила жиҳодга чиқиб, шаҳид бўлган одамнинг иши устун эканлигидир. Демак, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида кўпроқ солиҳ амаллар қилишга уринмоғимиз лозим.
Умму Салама ёки Ҳафса розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро кунида рўза тутар эдилар».
Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Ушбу ва ундан олдинги ҳадисларда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида кўп ибодат қилишга, хусусан, ўша ўн кунликнинг кундузларини рўза тутиб, кечаларини бедор ибодат билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда. Албатта, Зулҳижжанинг ўнинчи куни ийди Қурбон байрами бўлиб, у куннинг рўзасини тутиш мумкин эмаслиги ҳаммага маълум ва машҳур бўлганидан айтиб ўтилмаган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффороти бўлур», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу, албатта, Ҳажга бормаган кишилар учундир. Демак, Ҳажга бормаганлар Арафа кунининг рўзасини тутсалар, улкан фазлга эга бўлурлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафада оғизлари очиқ бўлди. У Зот Умму Фазл юборган сутни ичдилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида ушбу ўн кунчалик улуғроқ ва маҳбуброқ эмас. У кунларда таҳлилни (лаа илаҳа иллаллоҳ), такбирни (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (алҳамду лиллаҳ) ни кўпайтиринглар», дедилар.
Ибн Ҳажар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бу ўн куннинг афзаллигининг сабаби, бу кунларда намоз, рўза, ҳаж, арафа куни ва садақалар беришдан иборат улуғ ибодатлар жамлангандир. Бошқа кунларда бундай улуғ ибодатлар бирга жамланмайди.

Сайхунобод тумани бош имоми Васиев О.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *