Қурбонлик кимларга вожиб?

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, мана ҳижрий-қамарий йилнинг сўнги ойи бўлган зулҳижжа ойи ҳам кириб келди. Муқаддас динимизда бу ой ҳам улуғ ойлардан ҳисобланиб, бир қанча фазилатлари бор. Бу ой энг аввало, ҳаж ойи ҳисобланади, сабаби Аллоҳ таоло Ўз бандаларига фарз қилган беш амалдан бири бўлган Ҳаж ибодати бажариладиган ойдир. Бу ой ҳурумот ойларнинг тўртинчисидир, яна бу ойда қурбонлик қилишга қодир бўлганлар Аллоҳ йўлида қурбонлик қиладиган ойдир. Зеро, Аллоҳ қуръони каримда қурбонлик қилишга тарғиб қилган. “Кавсар” сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди:

      “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!”

      Ушбу оятга мувофиқ қурболик қилиш вожиб бўлади. Азал азалдан саховатли хал қимиз бу муборак ойни хурсандчилик билан кутиб олиб, имконияти борлар Аллоҳ йўлида қурбонликлар қилишади, чунки, бу қилган қурбонликларидан ваъда қилинган савоблардан умидвор бўлади. Зеро, муборак ҳадиси шарифларда қурболик соҳибларига бериладиган савоблар ҳақида кўплаб хабарлар келган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:  “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”.

      Ушбу ҳадисдан маълум бўляптики, ҳар бир қурбонлик қилувчм мўмин мусулмон ҳар бир ҳаракати учун савобга эга бўлар экан. Шунинг учун ҳам мусулмонларимиз қурбонлик қилишга иштиёқлари баландир.

      Энди шу ўринда савол туғилади, яъни кимлар қурболик қилиши вожиб?, фақат бойлар қурболик қиладими?, қурбонлик қачон сўйилади? Ва қурбонликка қандай хайвонлар сўйилади? Ва хо казо. Энди шулар ҳақида маълумот бериб ўтсак.

         Қурбонлик қилиш қуйидаги кишиларга вожиб:

  1. Мусулмон.
  2. Ҳур.
  3. Муқим.
  4. Бой.

Ҳар бир хох эркак хох аёл бўлсин балоғатга етган ақли болиғ ҳур (яъни озод) бўлган, мусофир бўлмаган, мол дунёси закот нисобига етган мусулмон кишига вожиб бўлади. Энди қурбонлик қилуқчининг моли ўсувчи, яъни закотни вожиб қилучи эмас, балки хожати аслийдан ташқари бойликлари закот нисобига етган бўлса унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Бойликнинг мезони ҳожати аслиядан ташқари 20 мисқол (84 грамм) тиллага ёки 200 дирҳам (640 грамм) кумушга ёхуд шу миқдордаги маблағга, тижорат молига эга ҳар бир мусулмон, ҳанафий мазҳабига кўра, қурбонлик қилиши вожибдир. Бундай миқдордаги бойликка эга кишининг моли устидан бир йил ўтиши шарт эмас.

Уч бош сарподан зиёд кийим, зарурий эҳтиёждан ортиқ бўлган уй, ортиқча ер ва уй нисобга тегишлидир.

Бир кишининг дала ери бўлса ва у даласидан ўзининг ва оиласининг бир йиллик нафақасини таъминласа, унга қурбонлик вожиб бўлади. Агар даладан йиғиштириб олинган ҳосил бир йилга етмаса, у киши фақир ҳисобланади. (“Раддул муҳтор”, “Дуррул мухтор”, 6-жилд, 312-бет).

Макҳул ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ: «Икки кўйлагинг бўлса, бирини сотиб қурбонлик қил!» деганлар.

     Бундан хулоса қилсак, бойларга қурболик қилиш вожиб, камбағалга суннат экан, сабаби, Пайғамбаримиз бой бўлмасаларда доим қурбонлик қилганлар.

Қурбонлик қилиш мумкин бўлган хайвонлар тўртта:

1.Туя. Беш ёшга тўлган бўлиши керак.

  1. Мол. Икки ёшга тўлган бўлиши керак.
  2. Қўй. Олти ойдан ошган бўлиши керак.
  3. Эчки. Бир ёшдан ўтган бўлиши керак.

      Қўй ва эчки ҳар бир киши номидан сўйилади. Туя ва мол бир кишидан то етти кишигача шерикчиликда сўйишса бўлади, фақат шарти шуки, шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ниятида бўлиши керак, мабодо бир киши гўшт олиш учун шерик бўлса, қолганларнинг ҳам қурбонликлари ўтмайди. Шунга ҳам эътибор бериш керак.

      Қурбонлик қилинадиган жонлиқ соғлом, ҳамма аъзолар бутун,  семиз ва қанча катта бўлса афзал бўлади. Жонлиқларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, пичилгани ҳам қурбонликка ярайди.

      Қурбонликлар зул ҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни қурбон хайити ўқилгандан кейин то  зул ҳижжанинг ўн иккинчи куни кун ботгунча сўйилади.

      Қурбонлик қилишдаги одоблар:

Хайит намозини ўқиб бўлгандан кейин тезда қурбонлик қилиш;

Сўйиладиган жонлиқни ҳар ким ўзи бўғизлаши;

То қурбонлик қилинган жонлиқни қони охиригача оқгунча такбир айтиб туриши;

Агар қурбонлик оила аъзолари номидан бўлса, барча оила аъзолари қурбонликка қараб туришлари;

Жонлиқ сўйиб бўлингандан кейин икки ракат нафл намоз ўқишлик;

Қилинган қурбонликни уч қисмга бўлиб, бир қисми муҳтожларга хом тарқатиш, бир қисмини оила аъзолари ва қариндошлар билан баҳам кўриш, қолган бир қисмини кейин истеъмол қилиш учун олиб қўйиш.

      Бу йил карантин вақтига тўғрикелганлиги, хайит намозлар ўқилмаслигини инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволарига қатъий риоя қилган холда хайит кунлари байрам қилинади ва қурбонликлар сўйилади. Яъни бу йил қурбонликлар хайит намози ўқилмаслиги муносабати билан, қуёш бир найза миқдори кўтарилгандан кейин чошгоҳ(зухо) намозин ўқигандан кейин сўйилади.

      Аллоҳ таоло қурбон хайитини хурсандчиликда ўтказишни барчаларимизга насиб этсин, қилинадиган қурбонликларни даргоҳида қабул айласин. Бошимизжа турган бу вабони Аллоҳ таоло тезда кўтарсин, ва панохида асрасин.

 

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “Ахмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *