Бугун дунё аҳолиси бошида коронавирус касаллигининг ваҳимаси айланмоқда. Ушбу касаллик юртимизда ҳам қайд қилинди. Хўш, ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқиш нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ, дейилган?
Бундай кишилар қўрқув билан хатарни янада кўпайтиради. Хавотир ва ваҳима эса хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан ортиқча қўрқувдан четланиш лозим!
Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклиги, ҳар бир мусулмон ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлиги, касалликнинг олдини олиш борасида тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш лозимдир.
Муқаддас динимиз маҳсулотнинг тақчиллиги ва нархлар ошиб бориши вазиятида нима қилишимизга буюради?
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди, бизга нархни белгилаб беринг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи нарх белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбарў бўлишни хоҳлайман», дедилар». (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган).
Яъни, нархларни белгилаш билан давлат ўз фуқароларининг молига, маошига, даромадига нисбатан зулм қилган бўлади.
Кўриб турганимиздек, бу муаммодан чиқиб кетиш учун тўғри қарор эмас.
Шундай экан, товарларга нархларни арзонлаштириш учун, уларни савдо расталарида кўпайтириши шарт, бу ўз ўрнида тижорий тармоқлар ўртасида табиий рақобатни юзага келтиради, шу билан товарлар тақчиллиги ва бунинг ортидан юзага келадиган нархларнинг қимматлашуви муаммоси бартараф қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида шунга ижмо қилишган. Ислом давлати ҳудудларининг бирида қурғоқчилик, тақчиллик, нархларнинг қимматлашуви юз берганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу нонга маълум бир нарх белгилаб қўймаган. У мазкур минтақага қўшимча маҳсулотлар етказиб беришни ташкил қилган. Шу билан бирга, нархлар табиий шаклда аҳолининг кўпчилиги учун мақбул бўлган бир даражага келган.
Виждонсиз ва бор дарди, ўй-хаёли кўп даромад кўриш бўлган тижорий тармоқлар бугунги воқелигимизда нормал қабул қилинадиган бўлди. Товарлар етарли бўлса ҳам, бошқалар билан олдиндан келишиб олган ҳолда товарларни қимматлаштириш ёки маълум бир товарларга сунъий тақчиллик ташкил қилиш, яъни уларни ёппасига сотиб олиш, сўнг бу товарлар тақчиллиги юзага келиб, нархлар юқори даражада қиммат бўлишини кутиб турадиганлар кўпайди. Соғлом рақобат, қийинчиликка айланиб бормоқда, ҳолбуки, унинг йўқлиги нафақат истеъмолчиларга, балки давлат хазинасига ҳам катта зарар келтиради, ахир.
Бу масалага ҳам Исломнинг иқтисодий тизимидан жавоб топиш мумкин.
Масалан, «Муъаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким эҳтикор қилса, ўша-хатокордир», дедилар». (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Шу сабали бундай оғир кунларда халқимиз ғам қайғусига шерик бўлиб, ислом дини аҳкомлари асосида ҳаёт тарзини қуриб, инсоф ва диёнатни бош мезон қилиб олган ҳолда тижорат қилсак, иншааллоҳ, Аллоҳ Таоло нафақат савдо-сотиқларимизга, қолаверса, умримиз-у мол-у жонларимизга ҳам барокот ато этади.
Бурхон ЖЎРАЕВ
Боёвут тумани “Абдуаҳадхон”
жоме масжиди имом-хатиби