Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, айрим манбаларда масжидлар очилсин, деган талаб тарқатилмоқда. Албатта масжидларнинг очилиши ҳаммамиз кутаётган орзудир. Бироқ пандемия шароитида бу диндорларнинг ҳаётини тахдидга қуйиш экани, масалага маьсулият билан ёндашишни талаб қилади. Биз бугун аксарият намозхонлар буни тўғри қабул қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Жума намози ва жамоат намозларига қатнашиш исломнинг шиорларидан ҳисобланса-да, Пайғамбарлар олиб келган аҳкомлар ўрни келганда инсон манфаатлари ислом шиорларидан устун туришини таъкидлайди. Жума намози фарз, жамоат бўлиб намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади ва инсонларни масжидларда тўпланишдан қайтарилади.
Соҳа мутахассисларининг масжидда ёки бошқа жойларда одамларни бир жойда тўпланиши хатарли экани, вируснинг кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши ҳақида тавсияларига биноан давлат мутасаддилари одамларнинг тўпланишига чек қўйиш ҳақида қарор қабул қилса, барча ушбу қарорга амал қилиши, гарчи жума ва жамоат намозларига бўлса ҳам хавф бартараф бўлгунига қадар тўпланишдан сақланиши лозим бўлади.
Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўриши лозим. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
{ وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ } [البقرة : 195] .
яъни: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”, — дейилган (Бақара сураси 195-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар:
إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, У Зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривоятлари).
Демак, мусулмон киши бирор мусибатга йўлиқса, аввало Аллоҳ таолодан бу балоларни даф қилишини, машаққатларни енгиллатишини сўраб дуо қилиши лозим бўлади. Банданинг бошига келадиган касаллигу ташвишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири илоҳийсидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
ولا يرد القدر إلا الدعاء … (رواه الامام ابن ماجة عن ثوبان)
яъни: “Қазои қадарни дуогина қайтаради”, – деганлар (Имом ибн Можа ривоятлари). Дуони ижобат бўлиши учун аввало инсоннинг луқмаси ҳалол бўлиши, дуосининг қабул бўлишига қатъий ишониши ва дуо ижобат бўладиган муборак вақтларни эътиборга олиши лозим.
Хозирги мураккаб вазиятда биз намозхонлар карантин даврида то вазият барқарорлашгунга қадар, Диний Идорамиз томонидан жамоат намозларини вақтинча масжидларда ўқимаслик ҳақида чиқарилган фатво талабларига қарши хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслигимиз зарурдир. Зеро бу динимиз кўрсатмаларига мувофиқдир.
Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ,
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби