–Сохр ал-Ғомидий ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!” деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”. Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол–дунёси кўпайиб, бойиб кетди (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ибн Можа Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Эй Аллоҳим, умматимнинг пайшанба кунги барвақт (қилган ишлар)ида барака бергин!” дейилган).
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан эрта тонгда мусулмонлар бажарган ишларнинг баракали бўлишини сўраб қилган дуолари ва бунинг тасдиғи ўлароқ ҳадис ровийсининг ҳаётидан ибратли воқеа ҳам келтирилмоқда.
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!”, деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”.
Яъни: эй Аллоҳим, менинг умматим ичидан эрта тонгда барвақт амал қилувчиларнинг амалларига, касб-кор қилувчиларнинг касбларига, илм талабида бўладиганларнинг илмларига барака бергин. Уларнинг ишлари ва амалларини серунум, ривожли ва давомли қилгин!
Мазкур дуо орқали, ўз навбатида у зот умматларини ҳар қандай ишни бажаришда барвақт ҳаракат қилиш, эрта тонгдан ризқ ёки илм талабида бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тунни уйқу вақти, кунни эса тирикчилик олиб борадиган пайт қилиб қўйганини айтган. Шунга биноан, куннинг аввалидан ҳаракатда бўлиш яхши натижаларга сабаб бўлади.
Умматларини эрта туришга ва барвақт ҳаракатда бўлишга ундаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларига энг аввал ўзлари амал қилардилар. Агар у зот бирон ерга вазифа билан кичик бир гуруҳ ёки каттароқ қўшинни юбормоқчи бўлсалар, куннинг аввалида юборардилар.
Ушбу ҳадис ровийси Сохр ибн Вадоъа ал-Ғомидий тижорат билан шуғулланар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб, Сохр ҳам бирон ерга савдо карвони юбормоқчи бўлса, куннинг аввалида барвақт жўнатарди. Суннатга астойдил амал қилгани, қолаверса, эрта тонгда ризқ талабида бўлгани учун унинг савдосига барака кириб, ишлари олға силжий бошлади. Натижада Сохр розийаллоҳу анҳу бой-бадавлат кишилардан бирига айланди.
“Файзул-қодийр” китобида шундай дейилган: “Кимки кунини хайрли суратда бошласа, қолган қисми ҳам хайрли-баракали бўлади. Ишлари ўнгидан келади. Аллоҳ тарафидан ўша банданинг ризқига барака берилади. Ривоятларда келишича, қуёш чиққунча бўлган вақт оралиғида ризқлар тақсимланар экан. (Уйғоқ бўлиш билан) ризқ тақсимотида иштирок этмаган банда ундан маҳрум бўлган билан баробардир. Чунки, тонг отгач ҳам уйқудан уйғонмаган банда ўрнидан ланж ва дили хира бўлиб туради. Тирикчилиги ва касб-корида ҳам шижоат ва серғайратлилик йўқолиб, ишига ҳафсаласизлик билан ёндашади. Шу зайл ризқининг баракаси кетади”.
Демак, банда тонг пайтида уйғоқ ҳолда бўлиб, бирон манфаатли иш билан машғул бўлиши, дунё ва охират ободлиги учун интилиши лозим. Чунки барвақт қилинган ҳаракат барака ва ютуқлар калитидир. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Сабаби буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб турибдилар. . Хуллас, хоҳ дунёвий ҳожат бўлсин, хоҳ ухровий – зикр ва дуо каби ибодатлар бўлсин, агар улар эрта тонг адо этилса, Аллоҳ бундай ишларга барака ва ривож ато этади.
СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ВАКИЛ ЎРИНБОСАРИ Ёрбеков Абдурауф.