ЭҲСОННИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЭҲСОНДИР

 Аллоҳ таоло томонидан  берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу бойлигимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган  молу дунёни Ўзи буюрган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Зеро Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби улканлиги ҳақида хабар қилинган. Масалан, Аллоҳ таоло:  “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят). Ёки бошқа оятида: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят), деб марҳамат қилади. Ихлос билан хайр-эҳсон қилган киши оятда ваъда қилинган улкан мукофотларга эришади. Садақани ошкоро ёки пинҳона бериши хусусида  Аллоҳ таоло: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” , деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 271-оят). Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.
Битта берилган хайр-эҳсонни эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят). Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.
Хайру эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”, деб айтганлар (Имом Табароний ривояти).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Хайру эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Хайру эҳсон қилган кимсани ҳаққига фаришталар дуо қилишлари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар тонг бандалар уйғонганда икки фаришта тушади”. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, – дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.
Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва Аллоҳга доимо ҳамд айтишимиз лозим бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривояти).
Яна бир гап, эҳсоннинг маъноси яхшилик қилишдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва у Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига, муносиб кишиларга етим болаларга, беморларга, ногиронларга, муҳтож ва талабаларга бериш шартдир.

  Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан бўлишимизни бонасиб этсин.

Сирдарё тумани  “Янги ҳаёт” жоме
масжид имом хатиби.
Аминжон ИСМОИЛОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan