Инсоният яралгандан бери яшаш учун лозим бўлган амалларни бажариш билан машғул бўлиб келади. Бу амалларнинг энг зарури ва инсон энг мухтож бўладигани бу касб қилишдир. Касб қилиш билан инсон ўзининг ейишлик, ичишлик, кийинишлик ва бошқа бир қанча эҳтиёжларини қодиради. Касбни тарк қилиш билан инсон ўзининг ҳаётини ҳалокат ёқасига олиб келади. Динимиз касб билан шуғулланишга тарғиб қилиб, касбнинг ҳалол ва покиза бўлиши ва шу касбдан топилган покиза моллари билан оиласига ва бошқа инсонларга нафақа қилишга тарғиб қилинади. Зеро Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида марҳамат қилиб:
«Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда унинг нопокини кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир». (Бақара сураси, 267-оят.)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида:
«Ҳалол ризқ талаб қилиш фарздан кейинги фарз», деганлар.
Шундай экан ҳар бир инсон ҳалол касб талаб қилмоқлиги унинг масъулитларидан эканлиги ҳис қилиб, оиласи ва жамиятга манфаати тегишига жидду жаҳд қилмоқлиги лозимдир. Ризқ талаб қилиш ер юзидаги ҳаётнинг яхши ва фаровон бўлишига сабаб бўлади, чунки инсонларнинг барчаси ҳалол ризқ талаб қилишса жамиятда камбағал ва ночор кишилар бўлмаслигига эришилади.
Аллоҳим ҳаммамизни ўзининг ҳалол ризқидан насибадор бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб қилсин.
Оқ олтин туман «Хожи Шайхуддинхўжа»
жоме масжиди имом–хатиби
Шавкат МАМАНАЗАРОВ.