Бугун жаннатмакон диёримизда Юртимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан байрам қилмоқдамиз. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча авлод вакиллари умид ва хасратда дунёдан ўтиб кетишди. Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Ҳақиқат қиёсда очилади, деган машҳур ақида бор. Истибдод йилларида халқимизнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитларини қандай нишонлаганлигини бир эслайлик. Масжидда ҳайит намозини ўқиш, мозорларга бориб, яқинларини қабрини зиёрат қилиш қанчалар мушкулот билан амалга оширилган ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Истиқлол туфайли, айниқса охирги йиллар мамлакатда ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий-диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди. Рўза хайити (Ийдул-фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийдул-адҳа) дам олиш кунлари деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда. Исломнинг асосий арконларидан Ҳаж ва умра ибодатини, минглаб ватандошларимиз адо этишга муяссар бўлмоқдалар. Юртбошимиз ташаббуслари билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги ҳадис мактаби фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида ката воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Жаҳон ислом ҳазорасига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадислар тўпламлари бир неча марта чоп қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг халқаро алоқалари кундан-кунга ривожланиб, бугунги кунда 30 дан зиёд мамлакат билан ҳамкорлик ришталарини ўрнатган, унинг вакиллари, диний ходимлар жаҳоннинг турли мамлакатларида бўлиб ўтаётган турли, халқаро анжуманларда иштирок этишлари. Ўзбекистоннинг ислом оламидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётганининг яна бир ёрқин кўриниши бўлди.
Ислоҳот ва ўзгаришлардан мақсад инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учундир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган ва унга кўп неъматлар ато этган. “…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”, деган Аллоҳ таоло (Иброҳим сураси, 6-оят).
Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Ёки Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Давлатимизнинг ислом динига нисбатан ғамхўрона муносабатига жавобан, биз ҳам, ўз навбатида ислом динининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган фаол тарғибот олиб бормоғимиз, турли зарарли ҳаракатлар динимизга ёт эканини, муқаддас ақидамизда бегуноҳ инсонларни ўлдириш ёки уларнинг ўлимига сабаб бўлиш ҳаром эканини барчага етқазмоғимиз лозим.
Халқимизнинг энг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир. Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – хурлигинг”, “Уруш томошабинга осон” каби мақолларда ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар насиҳатида, оналар айтган аллаларида бежизга тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олинмайди.
Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик. Албатта, юртимизда бўлаётган бу юксалиш ва тараққиётимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак.
Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни кириб келган Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Аминжон Исмоилов
Сирдарё тумани бош имом-хатиби