Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзининг беҳисоб неъматларидан барҳаманд қилган экан, у ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришимизга буюради. Роббимиз неъматларини катта-кичик демай, улар шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншааллоҳ. Қуръони каримда бу хақда шундай марҳамат қилинади: “…Агар Унга шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур…” (Зумар сураси 7-оят), дейилган. Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон киши ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саид ибн Жубайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир», деганлар.
Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, ҳалқимиз фаравонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, унинг неъматларини шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: «Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади», деганлар.
Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимиз тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек: «Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир».
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда мўмин-мусилмонларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, ҳар йили республикамиздан минглаб мўмин-мусулмонлар муборак ҳаж ибодатини бажариш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Уларнинг эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз ибодатларини адо этиб, соғ-саломат уйларига қайтишлари учун барча шароитлар муҳаё қилинган.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон айлаб, барчаларимизни манашу синовли кунларда Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан бўлишимизни насибу рўзи айлансин! Омин.
Худоёр ЭГАМБЕРДИЕВ
Ховос тумани “Умар ибн Хаттоб”
жоме масжиди имом-хатиби